Ўзбекистонда картошка энг кўп истеъмол қилинадиган асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан бири ҳисобланади. Ўтган июль-август ойларида маҳаллий етиштирилган картошка бўйича таклифлар ортиши ҳисобига ички бозорда талаб ва таклиф орасидаги маълум мувозанат юзага келди ҳамда нархлар арзонлашди. Хусусан, йил бошига нисбатан 5,3 фоизга пасайиш кузатилди. Аммо Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, сентябрь ойининг ўзида картошка нархлари август ойига нисбатан ўртача 7,8 фоизга ошган.

EastFruit таҳлилчилари маълумотларига кўра, 14 октябрдан 21 октябргача бўлган даврда Ўзбекистонда картошканинг ўртача улгуржи нархи бир килограмм учун 3500 сўмдан 5000 сўмгача, яъни 43 фоизга қимматлашган. Жорий нархлар даражаси 2020 йилнинг шу санасига нисбатан 39 фоиз ва 2019 йилнинг шу санасига нисбатан 2,2 баравар юқори.

Ушбу маълумотларни Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан ҳар кунлик эълон қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг улгуржи нархлари ҳақидаги маълумотлар ҳам қисман тасдиқлайди. Хусусан, 27 сентябрь ҳолатига кўра, картошканинг минимал улгуржи нархи 2500 сўмни, максимал нархлари эса 3500 сўмни ташкил қилган бўлса, 27 октябрь ҳолатида минимал нархлар 3500 сўмга (нархлар ошиши 40 фоиз), максимал нархлар 4500 сўмгача (нархлар ошиши 28,5 фоиз) етган.

Ўзбекистонда картошка етиштириш ва импорт қилиш кўрсаткичлари

2017 йилда мамлакат ичкарисида 2,79 млн тонна картошка етиштирилган бўлса, 216 минг тонна импорт қилинган (йиллик нисбатда нархлар 90 фоизга ошган). Бу кўрсаткичлар 2018 йилда 2,91 млн тонна (импорт 259 минг тонна, йиллик нисбатда нархлар 28 фоизга арзонлашган), 2019 йилда 3,08 млн тонна (импорт 292 минг тонна, йиллик нисбатда нархлар 12 фоизга ошган), 2020 йилда эса 3,16 млн тоннани (импорт 421 минг тонна, нархлар ошиши 42 фоиз) ташкил этган