Жамият | 11:55 / 30.10.2021
14171
2 дақиқада ўқилади

Ургутда аёл ва унинг икки нафар вояга етмаган фарзанди ис газидан вафот этди

Ургут туманида аёл ва унинг икки нафар вояга етмаган фарзанди ис газидан вафот этган. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар бермоқда.

Иллюстратив фото

Маълум бўлишича, 2021 йил 28 октябрдан 29 октябрга ўтар кечаси Ургут тумани Чумчуқли маҳалласида яшовчи аёл ва унинг икки нафар вояга етмаган фарзанди ис газидан вафот этган. Kun.uz манбасига кўра ўша куни аёл иситиш печида таппи ва кўмир кукуни аралашмасидан тайёрланган тезак ёққан.

Kun.uz ҳодиса юзасидан маълумот олиш учун Ургут туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Дилмурод Санақулов билан боғланди. Д.Санақулов 30 октябрь куни Ургут тумани Чумчуқли маҳалласида уч киши вафот этганини, улардан икки нафари 2010 ва 2016 йилда туғилган вояга етмаган болалар бўлганини тасдиқлади. Унинг билдиришича ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Д.Санақуловнинг айтишича, туман ФВБ ходимлари томонидан ижтимоий тармоқлар, ОАВ орқали, шунингдек турли ташкилотлар ва маҳаллаларда юриб тарғиботлар олиб бориляпти. Аммо шунга қарамасдан одамлар ҳамон уй иситиш печларини ёқишда печларнинг созлигига, мўриларни тозалаш ишларига эътиборсиз бўлишяпти. Жумладан, Чумчуқли маҳалласида юз берган ис газидан заҳарланиш ҳодисасига ҳам тўлиб қолган мўри тозаланмасдан иситиш печи ёқилгани сабаб бўлган.

«Фуқаролардан турли иситиш печларини ёқишдан аввал мўриларни тозалашларини, печларнинг созлигини текширишларини илтимос қиламиз. Агар улар озгина эътиборли бўлсалар, Чумчуқли маҳалласида юз берган фожиага ўхшаш ҳолатлар такрорланмасди», дейди Д.Санақулов.

Аввалроқ, 15 октябрдан 25 октябргача Самарқанд вилоятида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 4 та ҳодиса содир бўлган ва уларда 8 нафар фуқаро вафот этгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид