2021 йил 9–10 октябр кунлари хизмат сафари билан Қозоғистонда бўлдим. Мақсад: “Ғишткўприк” чегара божхона назорат пости (Қозоғистон–Ўзбекистон чегараси)да Ўзбекистонга кириб келаётган ҳар қандай кишидан Covid-19 экспресс-тести олинаётгани, бунинг учун 100 минг сўм ундирилаётгани, ПЗР-тест муддати ўтмаган бўлса-да, инобатга олинмаётгани ҳақида таҳририятга келиб тушган бир неча шикоятларни ўрганиш керак эди.

Келинг, барчасини бошидан бошлаймиз.

Сафар учун тадорик 2 кун аввал бошланди. Гарчи Ўзбекистон Қозоғистон фуқаролари учун қуруқликдан кириш имконини тақдим этган бўлса-да, ҳозирча Қозоғистон бунга нисбатан жавоб чорасини қўллашга шошилаётгани йўқ. Қўшни мамлакатга фақат ва фақат ҳаво йўли орқали кириб бориш мумкин. Шу боис Тошкент–Алмати–Чимкент йўналишида 1 млн 631 минг сўмга авиачипта харид қилиб, коронавирусга ПЗР-тест топширдим.

Алматига парвоз олдидан. Сохта ПЗР-тестлар “савдоси” ҳақида

Парвоз куни, 9 октябрда соат 10дан ўтганда Тошкент халқаро аэропортига етиб бордим. Аэропорт ҳудудида ташкил этилган ПЗР-тест топшириш марказида хизмат нархи 180 минг сўм бўлиб, натижаси 4 соатда чиқиши маълум бўлди. Тестни топширгач, жавоби чиққунига қадар фурсатдан фойдаланиб, сохта ПЗР-тест тайёрлаб берилаётгани ҳақидаги миш-мишларга ҳам аниқлик киритишга қарор қилдим. Лаборатория ходимидан шундай имконият бор-йўқлигини сўраганимда у ташқарида турганларга учрашишим кераклигини айтди.

Ташқарида барчадан ажралиб турган йигитдан ПЗР-тест қилиб бераётганлар ҳақида сўрагандим, у бир автомобилга йўллаб қўйди. 3 йигит ўтирган автомобилга кириб, масалани айтдим. Бир зумда тайёр қилинадиган ПЗР-тест сертификати 700 минг сўм туришини айтишди. Савдолашиб, 500 минг сўмга кўндирдим. Ҳеч қандай тиббий текширувларсиз 15 дақиқада тест жавобини қўлимга тутқазишди.

Сохта ПЗР-тест Фото: Kun.uz 

“Сал шустрий бўлиш керак”лиги, “акс ҳолда авиакомпания ходими “лох” қилиб, ўрнимга кимнидир учириб юбориши мумкинлиги”ни айтиб, беминнат маслаҳатларини беришни ҳам унутишмади.

Аэропорт эстакадасига мени қолдиришгач, сохта ПЗР-тест сертификатидаги QR-кодни текшириб кўрдим. Кодни сканерлаганимда менинг исм-фамилиям бириктирилган аллақандай телефон рақамнинг контакти келиб чиқди. Тушунишимча, “шоввозлар”нинг методи оддий: дуч келган хаёлий телефон рақамга менинг исм-фамилиямни бириктиришади ва бу контактни QR-кодга айлантиришади. Ҳосил бўлган QR-кодни сохта ПЗР-тест сертификатига туширишади. Натижада сертификатдаги кодни сканерлаган одам сертификатнинг расмий сайтдаги pdf вариантига эмас, менинг исм-фамилиям ёзилган аллақандай телефон рақамга дуч келади.