Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бозорлардаги давлат улуши сотилади
Вазирлар Маҳкамасининг “Бозор ва савдо комплекслари бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳамда улардаги давлат иштирокини босқичма-босқич қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси эълон қилинди.
Ҳудудлар ривожланиш даражаси ва ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, бозор ва савдо комплексларини қулай савдо масканларига айлантириш ҳамда улардаги давлат улушларини сотиш жараёнини шаффоф ва ошкоралик асосида ўтказиш мақсадида, қарор лойиҳасининг:
1-иловасига мувофиқ, устав капиталидаги давлат акция пакетлари (улушлари) биринчи босқичда эксперимент тариқасида “ҳаммаси бир жойда” тамойили асосида замонавий кўринишга келтириш шарти билан белгиланган тартибда сотиладиган бозор ва савдо комплекслари рўйхати;
2-иловасига мувофиқ, қонунчиликда белгиланган тартибда тугатиладиган фаолият кўрсатмаётган бозор ва савдо комплекслари рўйхати тасдиқланади.
Бунда, бозор ва савдо комплексларидаги давлат улушларини сотиш шартлари ва усуллари Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссияси қарорига асосан белгиланади.
Шунингдек, қарор лойиҳаси билан устав капиталидаги давлат акция пакетлари (улушлари) сотиладиган бозор ва савдо комплекслари фаолиятини, улардаги мулкий масалалар билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоли масалаларни бартараф этиш чораларини кўриш бўйича ҳудудий комиссиялар ташкил этилади.
Бозор ва савдо комплексларини сотишдан олдин тайёрлаш ва савдоларга чиқариш, ҳудудий комиссиялар ишини мувофиқлаштиришни амалга ошириш бўйича Давактив агентлиги ҳузурида бюджетдан ташқари Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Бозор ва савдо комплекслари бошқарув офиси ташкил этилади.
Шу билан бир қаторда, қарор лойиҳасида бозор ва савдо комплекслари устав капиталидаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари акциялари (улушлари)ни сотишда:
сотишдан тушган маблағларнинг республика бюджетига тақсимланадиган қисми, истисно тариқасида, тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига йўналтирилиши;
бозор ва савдо комплекслари устав капиталида давлат улуши устун мавқега эга бўлган корхоналар улуши мавжуд бўлганда, уларнинг улушлари белгиланган тартибда бошқарув органлари қарорлари асосида баланс қийматида устав фондидаги давлат улушини камайтириш ҳисобига маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ўтказилиб, яхлит пакетда савдога чиқарилиши;
устав капиталидаги давлат акция пакетлари (улушлари) сотилгунга қадар бозор ва савдо комплекслари томонидан уларнинг мол-мулкларини сотиш, йирик битимлар тузиш, активларини гаров таъминоти сифатида ва бошқа тарзда тасарруф этиш қатъиян ман этилиши кўзда тутилган.