Альфия Клавье, Франция, Париж шаҳри:

— Франция ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш ниҳоятда мураккаб, чунки бу ерда имтиҳон олишга жуда қаттиқ талаблар қўйилади. Менинг танишларим ичидан барчаси бир неча уринишда топширишган. Бир танишим шу синовни олти маротаба топширган ва ўта олмагач, гап имтиҳон олувчи марказ ёки инструкторда деган хаёл билан ҳаттоки бошқа шаҳарларда ҳам уриниб кўрган. Аммо тажриба шуни кўрсатадики, гап алоҳида марказ ёки шахсда эмас, тизимда: яхши тайёргарлик кўрмаганмисан йиқиласан – тамом.

Бу ерда синовлар, худди Ўзбекистондагидай, назарий ва амалий топширилади. Назарий тест компютер орқали топширилади ва албатта, ҳеч ким билан “келишиб” бўлмайди. Дастурни алдаб бўлмайди.

Амалий имтиҳон эса анчагина қийин. Унга кириш учун аввал сиз инструктор билан камида 30 соат автомобил ҳайдаш тажрибангиз бўлиши шарт.

Францияда ҳамма автомактаблар тизимидан ўтади. Одатий, эски усулда ишловчи автомактаблар билан бирга замонавий, инновацион ўқув даргоҳлариям бор, улар барча ўқув дастурларини автоматлаштиришган, интернетга юклашган. Назарий ва амалий тайёргарлик параллель равишда олиб борилади.

Ўқув жараёнида оралиқ имтиҳонлари топширилади, улардан ўта олмасангиз, кейинги мавзуларга ўта олмайсиз, дастур сизни блоклаб қўяди. Масалан, “бурилиш” ёки “парковка” мавзусида амалий назоратни топшира олмадингиз. Ўқишни давом эттириш учун сиз мустақил машқ қилиб ёки репетитор ёллаб, уни қайта топширишингиз талаб этилади. Шу сабабли 30 соатлик тажриба талаб қилинганида “камида” деб қўшиб қўйилади, одатда ҳамма 40 соатдан 60 соатгача машқ қилади.

Францияда машина ҳайдашни ўрганиб, имтиҳонга тайёргарлик кўриш давомида шунчаки машина бошқариш билан академик ҳайдашнинг орасидаги фарқни тушуниб етдим.

Академик ҳайдаш нима дегани? Мисол учун, сиз ҳар куни дарвозангиздан орқалаб машинани ҳайдаб олиб чиқасиз ва ишончингиз комилки, сизга халақит берадиган ҳеч нарса йўқ, чунки 30 сония аввал, машинага ўтиришдан олдин бунга яна бир бор қараб қўйдингиз. Аммо рулга ўтиргач, манёврни амалга оширишдан орқа ойналарга қарашга мажбурсиз.

Менинг ўқишим анча чўзилиб кетди. Амалий машғулотларим 40 соатни ташкил қилди, аммо имтиҳон топширгунимгача бир ярим йил кетди. Қисман бунинг сабаби пандемия бўлган бўлса, қисман ўзимнинг имтиҳон олдидаги қўрқувим бўлди. Атрофимда барча йиқилаверганини кўриб, ўзимга ишонч юқори бўлмагунча мустақил ўқишга қарор қилдим.

Мен имтиҳонни биринчи мартадаёқ топшира олганимдан жуда фахрланаман. Тан олиш керакки, бу кўпроқ истисно ҳолат ва узоқ, оғир меҳнатнинг самарасидир. Назарий билимларни мустақил ўрганишдан ташқари мен репетитор ёллаб, амалий машғулотларниям идеал даражада бажармагунча тўхтамадим. Харажатларга келсак, гувоҳнома олишим 2 минг еврога тушди.