Жамият | 11:52 / 04.11.2021
15840
3 дақиқада ўқилади

Ижтимоий тармоқларни блоклашга сабаб бўлаётган қонун талабини бекор қилиш сўралган жамоавий мурожаат йўлланди

Mening fikrim жамоавий мурожаатлар порталига «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуннинг 27-1-моддасини бекор қилишни сўраб жамоавий мурожаат жойланди.

«2021 йил 15 апрелдан кучга кирган «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунининг 27-1-моддасини (Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартлари) кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилинмасдан қабул қилингани, унинг иқтисодий ва сиёсий оқибатлари ҳисоблаб чиқилмагани ҳамда сўнгги кунларда жамоатчиликнинг қаттиқ норозилигига сабаб бўлгани туфайли бекор қилишингизни сўраймиз.

Бундан ташқари, 27-1-модда асосида Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларнинг блокланиши президент Шавкат Мирзиёевнинг интернет ёпилмаслиги ҳақида айтган гапларига зид. Бу ҳолат Ўзбекистоннинг интернет ва сўз эркинлигига доир халқаро майдондаги обрўсини ҳам тушириб келмоқда.

Қолаверса, Твиттер ва Тик-Ток тармоқлари блокланган ўтган даврда билдикки, хориждаги бу тармоқлар эгалари бўлган компаниялар ўзларининг серверларини Ўзбекистонга олиб келиб ўрнатиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрганлари йўқ. Ўзбекистон аҳолисининг интернетдаги фаол қатлами эса бу чекловлардан ВПН орқали аллақачон айланиб ўтиб улгуришган», дейилади мурожаатда.

Мурожаат 4 ноябрь куни портал томонидан экспертиза учун қабул қилинган.

Амалдаги тартибга кўра, мурожаат матни юборилгач, Mening fikrim веб-портали модератори (Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти) мурожаатни камида 5 нафар шахс қўллаб-қувватлаши учун мурожаат ташаббускорига махсус ҳаволани жўнатади. Мурожаат зарур миқдордаги шахслар томонидан қўллаб-қувватлангач, модератор томонидан 15 кунлик экспертизага қабул қилинади.

Ишчи комиссия модераторнинг экспертизасидан кейин мурожаатни Mening fikrim веб-порталига жойлаштириш тўғрисида ёки жойлаштиришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

Ишчи комиссиянинг ижобий қарори олинган тақдирда, мурожаат модератор томонидан Mening fikrim веб-порталига умумий овоз бериш учун жойлаштирилади.

Модераторнинг ижобий хулосаси олинмагунга қадар мурожаатга овоз бериб бўлмайди.

Маълумот учун, «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуннинг 27-1-моддаси билан, ижтимоий тармоқлар Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларини жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган серверларда сақланишини таъминлаши шарт этиб белгиланган.

Ушбу қонун талаблари кўплаб халқаро компаниялар томонидан бажарилмаганлиги ортидан Ўзбекистонда бир қатор ижтимоий тармоқлар блокланмоқда ва бу интернет фойдаланувчиларининг кескин эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Мавзуга оид