Ўзбекистонда ўқувчиларни халқаро баҳолаш дастурларига тайёрлаш мақсадида янги лойиҳа йўлга қўйилмоқда. Лойиҳанинг жозибадорлиги ва сермаҳсуллигини ошириш мақсадида ҳаттоки дарсликларда ҳам топилмайдиган маълумотлар базаси шакллантирилди. Kun.uz билан суҳбатда бўлган Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ректори Аюбхон Раджиев янги лойиҳа ҳақида маълумот берди.
Stesting – 3тасини биттада жамлаган лойиҳа
Stesting лойиҳаси – таълим платформаси деб тушуниш мумкин. Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан институтимиз ҳамкорлигида тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда бепул платформа ишлаб чиқилди.

Платформа ўз ичига PISA, PIRLS, TIMSS каби халқаро тадқиқотларда қўлланадиган саволларнинг ўзбек ва рус тилларидаги таржималарини олган. Бунда фақат тестлар ёки саволлар эмас, қизиқарли видеолар ҳам жойлаштирилган бўлиб, дастур ўқувчилар, ўқитувчилар, ота-оналар учун ҳам мўлжалланган. Платформага 100 дан ортиқ видеоларни тайёрлаб жойлаштирганмиз. Бу видеоларда ўқувчиларга турли вазиятларда ўзларини қандай тутишлари, ечимни тўғри топишлари учун ёрдам бериш кўзда тутилган. Ҳар бир видео учун алоҳида маълумотлар тўпланган ва ўқувчига қизиқарли тарзда етказиб берилган.
Шунингдек, платформа яқинда бизнинг ўқувчиларимиз иштирок этадиган халқаро тадқиқотлар учун тайёргарлик жараёни бўлиб хизмат қилади.
Болалар халқаро тадқиқотларда рақобат муҳитини ҳис қилсин
Маълумки, 2030 йилга қадар Халқ таълимини ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Мазкур ҳужжатнинг биринчи бандида PISA халқаро тадқиқотида Ўзбекистоннинг иштирокини таъминлаш ва 2030 йилга бориб кучли 30 таликка киришга эришиш мақсадли йўналишда белгилаб берилган. Яъни бизнинг олдимизга стратегик вазифа қўйилган. PISA тадқиқотида дунёнинг 90 га яқин давлатлари иштирок этади. Кучли рақобат муҳити бўлади.
Илк марта мамлакатимиз бундай тадқиқотда қатнашади. Шу сабабдан биз учун ҳам, болаларимиз учун ҳам бу янгилик ҳисобланади. Болаларимиз бундай услубда ўқитилмаганлиги сабабли бу каби саволларга, ўқитиш услубига дуч келишмаган. Шунинг учун ҳам уларни тайёрламасак, кўмак бермасак, ўша тадқиқот жараёнида ўқувчиларимиз руҳан тушкунликка, иккиланишларга тушиши мумкин. Уларни бунга тайёрлаш учун айнан шу Stesting лойиҳасидан фойдаланяпмиз.

















