Ўзбекистон | 18:17 / 08.11.2021
7549
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда «Обод маҳалла» дастури ижроси давомида ўрнатилган сув минораси қулаб тушди

Фото: Қашқадарё сув таъминоти

Бугун Қашқадарё | Kun.uz  каналида ўз манбасига таяниб Косон тумани Ширинтепа маҳалласида «Обод маҳалла» дастури ижроси давомида ўрнатилган сув минораси қулаб тушгани ҳақида хабар берилганди. Хабар юзасидан «Қашқадарё сув таъминоти» МЧЖ ахборот хизмати муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, Косон тумани «Ширинтепа» МФЙ ичимлик сув тармоқлари қурилиши объекти бўйича бош пудратчи «Сайин сув иншоотлари» МЧЖ қўшма корхонаси ва ёрдамчи пудратчи «Қуйбоғ қурилиш маскани» МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда объект фойдаланишга топширилмаган.

Қурилиш доирасида «Қуйбоғ қурилиш маскани» МЧЖ билан таъминотчи ташкилот «Металл Осиё Бизнес» МЧЖ ўртасидаги 2021 йил 7 октябрда Косон тумани «Ширинтепа» МФЙ ичимлик сув тармоқлари қурилиши объектига 50 метр куб ҳажмга эга минорасини тайёрлаб бериш ва монтаж қилиш учун 18-сонли шартномаси тузилган.

Жорий йил 5 ноябрь куни объектга сув минорасини монтаж қилиш жараёнида ушлаб турувчи тросларнинг боғланиш узеллари уланиш вақтида узилиб кетгани натижасида сув минораси қулаб тушган.

«Бугунги кунда қулаб тушган сув минораси таъминотчи ташкилот «Металл Осиё Бизнес» МЧЖ томонидан объектдан чиқариб кетилган ва қайтадан янги сув минораси ўрнатиб беришни ўз зиммасига олган. Бунинг учун 2021 йил 10 ноябрь кунига қадар вақт талаб этилишини маълум қилган», дейилади муносабатда.

Kun.uz манбасининг хабар беришича, пудратчи ташкилот сифатсиз ва стандартларга мос келмайдиган металлдан ясалган сув минорасини ўрнатиб бўлгандан кейин уни сувга тўлдираётганда қулаб тушган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Манбанинг қўшимча қилишича, Ширинтепа маҳалласида «Обод маҳалла» доирасида олиб борилаётган бошқа ишлар ҳам ўлда-жўлда бўлиб турибди. Жумладан, йўл таъмири ва симёғочларни алмаштириш ишлари чала қолган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид