Ўзбекистон | 12:50 / 08.11.2021
21469
4 дақиқада ўқилади

«Уйида чакса уни йўқ, том бошида қўш тандир» — ёзувчи Улуғбек Ҳамдам Тошкент вилоятида қурилиши режаланган ҳайкал ҳақида

Фото: Kun.uz

Таниқли ёзувчи Улуғбек Ҳамдам Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокировага бағишлаб жуда катта маблағ эвазига қурилиши режалаштирилган мажмуа юзасидан фикрларини билдирди.

Унга кўра, ўзбек амалдорлари халқ орасидаги «Уйида чакса уни йўқ, том бошида қўш тандир» мақолидан келиб чиқиб иш кўрса, Ўзбекистон гулистонга айланиб кетарди.

«Оҳ, менинг доно халқим. Кўпни кўрган донишмандим.

Қани энди бу, Худойим тўғри йўлга солгур айрим амалдорларимиз, сенинг мақолларинг мағзини чақиб, улардан хулоса чиқариб яшаса-ю юртимиз гулистонга айланса.

Ўзбекистонда Зулфия опа қисматини ёритиб бергувчи яхши бир фильм ишланди. Элнинг эътибори қаратилди, дуолар қилинди. Мамлакатнинг ҳозирги ҳолида бир инсон қисматига шу эътиборнинг ўзи жуда катта яхшилик. Бу ишнинг яхшилик эканини айтдик, мана, яна айтяпмиз.

Тағин эътибор кўрсатмоқчи бўлсаларинг, отангизга боз раҳмат, деймиз. Лекин ҳар бир нарсанинг ўз ўрни, йўриғи, меъёри, усули бор, ахир. Одамларимиз топиб айтаётганидек, ана, ўша регионга керакли шифохонами, мактабми қуриб, опанинг номи билан атанглар.

«Менинг ота-онам «Зулфия шифохонаси»да даволаниб чиқишди, шифохонамисан шифохона, дўхтирлари зўр. Барака топишсин. «Зулфия»га боринглар, «Зулфия»га», ёки «Менинг ўғлим «Зулфия»да ўқиди-да, ўшанчун институтларга кириб кетди. Ўқитувчиларига балли. Сиз ҳам қизингизни «Зулфия мактаби»га беринг, айланай», дея эл-юрт гапирса, дуолар қилса, қанчалар яхши. Дуо Зулфия опа ва унинг ўғилларига борса, шифохона-ю мактабдан келган фойда элга тегади. Ёки йўқми?!..

Яҳудийларнинг «пул топишдан олдин, уни сарфлашни ўрган!» деган бир мақоли бор.

Биз топган ёки қарз олган пулимизни ҳашам-у тўйга, ҳайкал-у бетон биноларга сарфлаб, келажак деган дарахтнинг илдизига болта уряпмиз, ҳа. 100 йил бурун шуни айтиб жадид боболаримиз куйиб-ёниб кетишганди.

Ҳозирда халқимизнинг асосий қисми ўртачадан ҳам пастроқ, яъни уйида чакса унсиз ҳолда кун кўраётган бир пайтда битта ҳайкалга халқнинг пулидан шунча маблағ (28 миллиард сўм-а!!!) ажратиш том бошига қўш тандир ўрнатиш деганидир.

Халқ уйини, омборини унга тўлдириб қўйинг, кейин қўш тандир нима бўпти, минг тандир қуринг, ярашади. Акс ҳолда... акс ҳолда, кўпчилик айтаётганидек, «пул ювиш операцияси» деган тамғадан қочиб қутулиб бўлмайди», — дея ёзади Улуғбек Ҳамдам.

Маълумот учун, II жаҳон урушида беш ўғлини йўқотган Зулфия Зокировага бағишлаб, Нурафшон шаҳрида ҳайкал ва ёдгорлик мажмуаси қуриш учун 28,4 млрд сўм (2,6 млн доллардан ортиқ) маблағ ажратилгани жамоатчиликнинг кескин танқидларига сабаб бўлмоқда.

Мавзуга оид