Спорт | 08:12 / 10.11.2021
9812
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбек футболи сўнгги йилларда анча пастлаб кетганди». Отабек Шукуров янги ўйин услуби, мураббий ва ҳимоядаги камчиликлар ҳақида

Ўзбекистон миллий жамоаси ФИФА кунлари доирасида 8 ноябрь кунидан Тошкентда ўқув-машғулот йиғинига киришди. 9 ноябрь куни миллий жамоа сафига легионерлар ҳам етиб келишди. Миллий жамоанинг «Пахтакор» стадионида ўтказилган эрталабки машғулотида Tribuna.uz мухбири ҳам қатнашиб, Отабек Шукуровнинг фикрлари билан қизиқди.

– Отабек, тайёргарлик жараёни ва чет эллик мураббий ҳақида нималар дея оласиз?
– Авваламбор, ассалому алайкум. Миллий жамоада янги тайёргарлик жараёнини бошлаб олдик, Худога шукур. Бу янги бош мураббий қўл остидаги 3-йиғинимиз ҳисобланади. Биз ҳозир кўпроқ янги мураббийнинг ўйин услубини ўрганиш жараёнидамиз. Бу мураббий анча қаттиққўл. У кўпроқ бизнинг агрессив футбол ўйнашимизга эътибор қаратяпти, буни босқичма-босқич ўрганиб боряпмиз. Худо хоҳласа, миллий жамоани энг юқори спорт формасига олиб чиқамиз.

Фото: Tribuna.uz

– Миллий жамоада муҳит қанақа?
– Муҳит ажойиб, барибир янги мураббий қўл остида бўлганимиз яхши бўлди. Тўғриси, ўзбек футболи сўнгги йилларда анча пастлаб кетганди. Футболчиларга эса мураббийнинг ўзгаргани ва футбол учун қилинаётган ишлар катта ишонч беради.

– Иорданияга қарши ўйинда марказий зона ва ҳимоя чизиғида бўшлиқлар кузатилди ва кўп хатолар бўлди. Жумладан, сизнинг позициянгизда ҳам. Мураббий бу ҳақда нималар деди ва бунинг устида иш олиб бориляптими?
– Ҳимояда муаммоларимиз борлиги ҳақида фақат мен эмас, мураббийимиз ҳам ўз интервьюсида таъкидлаб ўтди. Биз ўзбек футболида, асосан, паслар орқали чиройли ўйин намойиш этишга ҳаракат қилар эдик. Ўйинни кўриб чиқишимиздан олдин мураббийимиз бир нарсани алоҳида таъкидлади: «Чиройли ўйин бўлмаса ҳам, натижани яхши қилиб, ҳисоб учун ўйнашимиз керак. Ҳужум чизиғидаги ўйинимизни кучайтирсак, голлар урамиз ва бу натижага таъсир қилади». Табиийки, ҳужумга ўтиб кетсангиз, ҳимоя бўш қолади ва шу сабаб унда муаммолар юзага келади. Гол ўтказиб юборганимиз ҳам шундан. Лекин бундан буёғига ҳимоядаги ўйинимизни ҳам яхшилаб, муаммоларни бартараф этишга ҳаракат қиламиз, - дея Отабек Шукуровнинг сўзларини келтирган Tribuna.uz мухбири.

Фото: Tribuna.uz

Маълумот учун, Ўзбекистон миллий жамоаси дастлаб Тошкентда, кейинчалик эса Грузия пойтахти Тбилисида ўқув-машғулот йиғини ўтказади. Хориждаги йиғин доирасида 15 ноябрь куни Грузияга қарши ўртоқлик ўйини белгиланган. Учрашув Тбилисидаги «Борис Паичадзе» стадионида соат 19:00да бошланиши режалаштирилган.

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид