Kun.uz журналисти Шуҳрат Шокиржонов маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари лавозимига молия-иқтисодиёт секторида иш тажрибасига эга бўлган касб эгалари мажбуран ўтказилаётгани бўйича ҳолатни ёритиб чиқиши ортидан блогерлар ҳам ушбу мавзуга эътибор қаратди.

Жумладан, ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев ҳолатдан ҳайрон қолмаганини айтади.

“Умуман олганда, бу хабардан сира ҳайрон қолганим йўқ. Бирор янгиликни бундан бошқачароқ йўл билан ижро қилиш ҳақида ўйлаб ҳам кўришмаса керак. “Сен президент сиёсатига қаршимисан” деган гапларни ҳам 30 йилдан буён эшитиб, кўникиб қолдик.

Аслида барча эркин касб танлаш ҳуқуқига эга. Мажбурлаб кимнидир бошқа ишга ўтказиш мумкин эмас. Ҳар ҳолда қоғозда шунақа” – дейди у.

Davletov.uz телеграм канали ушбу ҳолатни “кадрлар геноциди” деб атаган:

“Шундоқ ҳам давлат ва жамият малакали кадрларга оч бўлиб турганда, бундай “кадрлар сиёсати” яхшилик келтирмайди. Бу билан ҳеч қанақа натижага эришилмайди. Шундоқ ҳам иш вақтидан кўп, ҳатто дам олиш кунлари ишлаётгани етмаётгандек, уларни қарийб мажбурлаб, истак-хоҳишига қарши бошқа ишга ўтказишни “кадрлар геноциди”, деб баҳоласаям бўлади”.

Отабек Бакиров ўз саҳифасида расмийлар ушбу бебошликларга муносабат билдирмаётганига эътибор қаратди.

“...на бу ишларнинг бошида турганлардан, на ҳукуматдан ва на ҳокимлардан бир жавоб бор. Гўёки бу ишлар бўлмаяпти. Гўёки Туркманистонда коронавирус йўқдек, гўё Ўзбекистонда “Ўткир иқтисодчилар”га кадрлар геноциди сиёсати қўлланмаяпти.

Парламент йўқ, “Инсон қадри учун” шиори ёзиб қўйилган кабинетларда бўлаётган ножоиз ишлар бўйича ҳукуматдан сўров сўрайдиган.

Судлар йўқ, жабрдийдалар шикоят қилса, ҳақиқатни юзага чиқарадиган ва ҳокимият ва ҳукуматнинг ноқонуний ҳаракатларига баҳо берадиган”, – дейди у.