Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёда мактабнинг спорт майдончасига боғча қуриш режалаштирилмоқда. Педагоглар бунга қарши бўляпти
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида жойлашган 64-мактабнинг спорт майдончаси ўрнида боғча қурилиши режалаштирилмоқда. Педагоглар бунга рози эмас. Улар ер мактабнинг ўзи учун ҳам кераклигини айтмоқда.
Kun.uz’га навбатдаги мурожаат Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманининг Кўл қишлоғида жойлашган 64-мактаб жамоасидан йўлланди. Мурожаатда ёзилишича, туман ҳокимлиги ва маҳалла мутасаддилари томонидан мактабнинг спорт майдончаси тортиб олиниб, у ерда боғча қуриш режалаштириляпти. Мактабда тажриба ер участкалари мавжуд эмас. Спорт майдончаси ҳам белгиланган стандартлардан кичик. Шунингдек, мактабда алоҳида ошхона, устахона, омборхона каби қўшимча бинолар йўқ.
«Туман ҳокимлиги ва маҳалла мутасаддилари мактабимизнинг спорт майдончасини боғча қуриш учун тортиб олишмоқчи. Ҳолбуки, мактабда барча шароитларни белгиланган стандартларда кўрсатилгандай ташкил этиш учун ер майдони етишмайди. Шундай бўлса ҳам спорт майдончасида боғча қуриш мўлжалланган. Яқин йилларда қишлоқ аҳолиси кўпаяди. Ҳозир мактабда ўқувчилар икки сменада ўқимоқда. Мактаб ер майдони ҳисобидан яқин келажакда янги мактаб қуриш лозим бўлади. Аммо буни туман ҳокимлиги ва маҳалла мутасаддилари инобатга олмаяпти. Биз 64-мактаб жамоаси мактаб ери тортиб олинишига қаршимиз», дейилади мурожаатда.
Маҳалла аҳлининг билдиришича, 2020 йилда 64-мактаб филиалига қарашли ер тортиб олиниб, у ерда маҳалла идораси қурилган. Бугун филиалда умуман ер қолмаган. Энди эса 64-мактабнинг асосий биноси олдидаги спорт майдончасини ҳам тортиб олиш пайида бўлишяпти.
Kun.uz 64-мактаб жамоаси йўллаган мурожаат юзасидан Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Баҳодир Ҳалимов билан боғланди. Унинг айтишича, Кўл қишлоғи тоғлар бағрида жойлашган ва у ерда ижтимоий ҳамда маъмурий бинолар қуриш учун текис ерни топиш амримаҳол. Шу сабабли боғча қуриш учун 64-мактабнинг спорт майдончаси ўрни танланган. Тартиб бўйича у ерда боғча қуриш учун Халқ таълими вазирлигининг розилиги керак бўлади ва шу масалада вазирликка мурожаат қилинган. Ҳозирда вазирликнинг жавоби кутиляпти.
Баҳодир Ҳалимов 64-мактаб жамоаси боғча қурилишига эътироз билдираётгани ҳақида эшитиб, шу ишга масъул бўлган мутасаддининг телефон рақамини берди. Аммо мутасадди фуқаролар қабулида иштирок этаётгани учун у билан боғланишнинг иложи бўлмади.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Маҳалла учун боғча ҳам керак. Аммо ўзи шундоқ ҳам шароитлари ва бинолари етарли бўлмаган мактаб ерини тортиб олиб боғча қуриш қанчалик тўғри? Kun.uz жамоаси Кўл қишлоғида икки марта бўлган. Ҳақиқатан қишлоқ тоғларга туташ қирда жойлашган. Аммо бу қишлоқда боғча қурмоқчи бўлаётганлар бироз маблағ сарфлашса боғча учун ер очса бўлади. Афтидан маҳалла ва туман ҳокимлиги мутасаддилари мактабга қарашли ерни тортиб олиб, масалани осонроқ ечиш пайида бўлишяпти.
Ғайрат Йўлдош
Мавзуга оид
12:12 / 20.03.2026
“Афросиёб” поездлари Шаҳрисабзга ҳафтасига 3 марта қатнай бошлайди
19:30 / 07.11.2025
Сунъий интеллектли аппаратдан премиум палаталаргача: Шаҳрисабздаги “Оқсарой” клиникаси қандай имкониятларга эга?
16:51 / 30.09.2025
Тошкент вилоятида шифохоналарга ётқизилган болаларнинг деярли барчаси уйга қайтди
13:53 / 29.09.2025