09:47 / 14.11.2021
8690

«Бугунги талаба кечаги эмас, уни чўпчак билан алдаб бўлмайди» — олий таълим вазири

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов бугунги мустақил таълимни ташкил этишда тизим ва тушунча йўқлиги ҳақида гапирди.

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

«Бир пара дарс учун икки кун тайёргарлик кўриш, 200 бет нарса ўқиш керак. Бугун талабанинг қўлида Wikipedia, YouTube, электрон кутубхона турибди. Энди уни чўпчак билан алдаб бўлмайди. Тайёргарлик бўлиши керак», – деди вазир.

13 ноябр куни олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов раҳбарлигида олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш, кредит-модул тизимини татбиқ этишдаги муаммоларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Тошқулов талабаларнинг мустақил таълимини ташкил этишда муаммолар сақланиб қолаётгани ҳақида гапирди.

«Кредит модул тизимида талаба ўқув юкламасининг 40 фоизини аудиторияда ўтайди, 60 фоизини мустақил ўрганади. Аудитория соатлари 56 фоизга камайди. Талабанинг мустақил таълимига ажратилган вақти 47 фоизга ортди.

Лекин мустақил таълимни ташкил этиш бўйича тизим ва тушунча йўқ. Талабага вазифани тўғри бера олмаяпмиз. Бу уларнинг бўш қолиб кетишига сабаб бўляпти. Талабаларга бу гапларимдан келиб чиқиб сарғайган қоғозларга реферат ёзиш керак, дегани эмас. Янги усуллардан фойдаланиш керак.

Хорижий университетлар филиалларидан ўрганинг, оддий топшириқ беринг. YouTube’дан «Осмондаги болалар» лойиҳасидаги бир иқтисодчининг чиқишини кўриб, тушунганларингни ёзиб кел десангиз, бу ҳам мустақил таълим. Ёки машҳур профессорнинг маърузасини эшитиб кел десангиз, бу ҳам мустақил таълим. Аксинча, ҳозир нима қилади, компьютердан олади, чоп қилади ва олиб келади. Бола меҳнат қилмайди», — деди вазир.

Шунингдек, Абдуқодир Тошқулов ОТМлар раҳбарларини ахборот ресурс марказларига жиддий эътибор қаратишга чақирди.

«Қайси давлатга борган бўлсам, кутубхонасига кирганман, ҳаммаси лиқ тўла. Талабанинг олдида камида 20та ресурс: китоб, диссертация, журнал туради. Боланинг суви, овқати ёнида бўлади, бола кутубхонада яшайди. Чунки кутубхона 24 соат ишлайди. Қаерда шунақа шароит яратилган?

Бугундан мустақил таълимда ишлашга ўргатмас эканмиз ҳеч нарсага эришмаймиз.

Ҳурматли раҳбарлар, қанча пул бўлса, ахборот ресурс марказларига сарфланг. Яқинда 40та олий таълим муассасасининг ҳам академик, ҳам молиявий мустақиллиги лойиҳаси ишлаб чиқилган, унга тайёргарлик кўриш керак», — дея таъкидлади вазир.

Top