Фото: Kun.uz

Kun.uz’га навбатдаги мурожаат Қарши шаҳрида жойлашган Отчопар маҳалласидан бўлди. Ушбу маҳаллада яшовчи Бегзод Сатторов бир гуруҳ фуқаролар номидан бугун маҳалла аҳлини қийнаётган муаммоларни баён қилди.

Б.Сатторовнинг маълум қилишича, Отчопар маҳалласи мустақиллик йилларида Қарши шаҳри четида шаклланган катта маҳаллалардан бири ҳисобланади. Бу ерда турли инфратузилма масалалари, шунингдек, мактаб, боғча каби ижтимоий биноларнинг қурилишига узоқ йиллар давомида панжа орасидан қараб келинган.

Кўчаларни асфальт қилиш у ёқда турсин шағал ҳам тўкилмаган, ичимлик суви ҳамда электр тармоқлари тортилмаган, мактаб ва боғча қурилиши масаласида муаммолар бўлган.

Маҳалла 2018 йилда «Обод маҳалла» дастурига тушганда одамлар ўзларини қийнаб келаётган масалалар ҳал қилинишига умид қилиб хурсанд бўлган. Аммо ўша йили дастур бўйича белгиланган ишларнинг чораги ҳам бажарилмаган. Жумладан, маҳаллада қурилиши белгиланган мактаб қурилмаган. Кўчалар асфальт қилинмаган. Лой кўчаларга шағал тўкиб берилмаган. Сув тармоқлари тортилмаган.

Шундан сўнг, маҳалла аҳли турли ташкилотларга давлат дастурида белгиланган ишларни тугаллаб беришларини сўраб мурожаат қилган. Уларга 2018 йилда «Обод маҳалла» дастури бўйича чала қолган ишлар 2019 йилда қилиб берилиши айтилган. Аммо 2019 йилда ҳам ҳеч иш қилинмаган.

Маҳалла аҳли чала қолдириб кетилган ишларни битириб беришини сўраб, турли мутасадди ташкилотлар эшигида сарғайиб юрганда Kun.uz’га ҳам мурожаат қилган ва уларни қийнаб келаётган муаммолар сайтда бир неча марта ёритилган.

Фото: Бегзод Сатторов

Жумладан, 2019 йил декабр ойида аҳоли томонидан қилинган мурожаатни ўрганиш учун борган мухбирлар Отчопар маҳалласида одамларни қийнаб келаётган муаммоларга гувоҳ бўлганди. Ўшанда маҳаллада яшовчиларнинг фарзандлари мактаб йўқлиги учун 3-4 километргача лой кечиб, қўшни маҳалла ҳудудидаги мактабга қатнаётган, кўчаларга эса шағал деб ярмидан кўпи тупроқ бўлган ер жинси тўкилганди.