Ўзбекистон | 12:05 / 19.11.2021
33313
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда бензин нархи ошиши танқид қилинган кўча сурати пайдо бўлди. У кўп ўтмай ўчирилди

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Бугун, 19 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги ёнилғи қуйиш шохобчаси олдида Ўзбекистонда сўнгги кунларда бензин нархи ошишига доир кўча сурати пайдо бўлди.

Учтепа туманидаги Катта қаъни кўчаси жойлашган деворга туширилган ушбу суратлар муаллифи – @inkuzart тахаллусли кўча рассоми.

Муаллиф ушбу суратда дўппи ва миллий кийим кийган оддий ўзбекистонликларни бензин нархининг ошиши «ўлдириши»га урғу берган. Деворга туширилган расм бугуннинг ўзидаёқ ўчириб ташланди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Аввалроқ, @inkuzart тахаллусли кўча рассоми Тошкентда UzAuto Motors компаниясининг монополияси ва бунинг ортидан автомобиллар учун пайдо бўлаётган узундан узун навбатларга бағишланган кўча суратлари ҳам чизган эди.

Фото: inkuzart

Автосалонларда машина харид қилиш учун навбатда турганлар дуч келадиган муаммо «шапка» тизими ҳам эслаб ўтилган ушбу суратлар орадан бир неча кун ўтиб ўчириб ташланган эди.

Фото: inkuzart

Эслатиб ўтамиз, шу кунларда Ўзбекистонда бензин нархи Туркманистон ва Қозоғистонга нисбатан 2 баробар қимматроқ бўлиб қолаётгани жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Бу ҳолатни масъул ташкилотлар бозордаги эркин талаб ва таклиф қонунияти натижасида шаклланган деб баҳолашмоқда. Иқтисодчининг фикрига кўра, бензин ва нефть маҳсулотлари импорти маълум шахслар томонидан монополлаштириб олинган ва улар бозорга ўз шартларини қўймоқда.

Мавзуга оид