Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар блокланишига сабаб бўлаётган “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонуннинг 27-1-моддасини бекор қилишни сўраб юборилган жамоавий мурожаатни веб-порталга жойлаштириш рад этилди.

“Mening fikrim” жамоавий мурожаатлар портали модератори қабул қилинган пайтидан бир йил муддат ўтмаган ҳужжатга доир масала порталга жойлаштириладиган мурожаатнинг предмети бўлиши мумкин эмаслигини билдирган.

“Менинг фикрим” веб-портали орқали электрон жамоавий мурожаатлар бериш ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 11-бандида “мазмуни ва маъносига кўра веб-порталга келиб тушган, жойлаштирилган мурожаатларга ўхшаш бўлган ёхуд қабул қилинган пайтидан эътиборан бир йиллик муддат ўтмаган, ваколатли давлат органининг қарори қабул қилиб бўлинган” мурожаат “Менинг фикрим” веб-порталига жойлаштириладиган мурожаатнинг предмети бўлиши мумкин эмас.

Яъни, мазкур қоидага мувофиқ, Сизнинг 746-s-p/21-сонли мурожаатингизда билдирилган Ўзбекистон Республикасининг “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонунининг 27-1-моддаси (Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартлари)ни бекор қилиш ҳақидаги таклифингиз 2021 йилнинг 16 апрелидан кучга кирган бўлиб, мазкур масала у кучга кирган санадан эътиборан бир йиллик муддат ўтгандан сўнг “Mening fikrim” веб-порталида кўриб чиқилади. Шу муносабат билан, мурожаатингиз “Mening fikrim” веб-порталига жойлаштирилмаслиги маълум қилинади”, – дейилади модератор жавобида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2019 йил 1 октябрдан “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонуни кучга кирган . 2021 йил 14 январда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказининг ташаббуси билан қабул қилинган қонун асосида ҳужжатга баҳсли 27-1-модда қўшилган. Хориждаги интернет платформаларидан Ўзбекистон фуқароларини шахсий маълумотлари жойлаштирилган серверлари олиб келишни талаб қилаётган ушбу модда 2021 йил 16 апрелдан кучга кирган.