Кимдир Ҳассан-ал Болкиа деган миллиардер-ҳукмдорни эслайдими? Бруней номли нефтга тўла митти давлатнинг бу султони тарих учун бир лаҳза бўлган 20 йилгина олдин миллиардерлар рўйхатида етакчилардан бири, ҳашаматли ҳаёт бўйича шубҳасиз 1-ўринда эди.

Ўша пайтлардаги рейтингларда қазилмалардан улкан бойлик орттирган россиялик олигарх-миллиардерлар ҳам талайгина эди.

“Форбс” рейтинглари нафақат бевосита миллиардерларни, балки билвосита пул, бойликнинг бевафолигини ҳам кўрсатиб беради. Яна бир қизиқарли факт бор – миллиардерлик рамзи бўлган Уоррен Баффет 90 йилда топган бойлигини Илон Маск 9 ойда топган!

Келинг, узоқ тарихга эмас, 10 йил орқага қайтамиз ва кучли ўнлик етакчиларининг бойлиги ҳамда йўналиши билан қизиқамиз:

1.    Карлос Слим Элу (Grupo Carso, телекоммуникация) – 74,0 млрд доллар

2.    Билл Гейтс (Microsoft) – 56,0 млрд

3.    Уоррен Баффет (Berkshire Hathaway) – 50,0 млрд

4.    Бернар Арно (LVMH) – 41,0 млрд

5.    Ларри Эллисон (Oracle) – 39,5 млрд

6.    Лакшми Миттал (металлургия) – 31,1 млрд

7.    Амансио Ортега (тўқимачилик) – 31,0 млрд

8.    Эйке Батиста (тоғ-кон) – 30,0 млрд

9.    Мукеш Амбани (мерос капитали) – 27,0 млрд

10. Кристина Уолтон (Walmart дўконлари) – 26,5 млрд

Билл Гейтс ва Уоррен Баффет / Фото: Getty Images

Мана шу йилларда ўзига хос тарихий ҳолат кузатилган – бу рейтингнинг кўп йиллик ва амалда енгилмас етакчиси ҳисобланган Билл Гейтс иккинчи ўринга тушади ҳамда унинг ўрнини инвестор Карлос Слим эгаллайди. Ҳали дунё Марк Цукерберг, Жеф Безос, Сергей Брин ёки Ларри Пейжни бу рўйхат етакчиси сифатида билмасди. Илон Маск деган инсон ҳақида кўпчиликда тасаввур ҳам йўқ эди.

Маълумот учун: Айни пайтда етакчиликни бой бериб, “камбағаллиги”дан кучли учликда ҳам жон сақлаб қололмаган Билл Гейтс рекорд муддат – 18 йил (1996-2007, 2009-2016 йиллар) миллиардерлар рўйхатини бошқарган. Шундай даврлар бўлганки, “амалда Билл Гейтсдан ўзиш мумкин эмас ва дастлабки триллион доллар ҳам унда бўлади”, деган фикрлар шаклланган.