Президент “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Вазирлар Маҳкамаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг:

  • Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда фермер хўжаликлари ва кластерлар фойдаланишидаги паст ҳосилли пахта ва ғалладан қисқартирилган 200 минг гектар экин майдонларини 2022-2025 йилларда босқичма-босқич захирага қайтариш;
  • захирага қайтарилган ер майдонларини деҳқон хўжалиги ташкил этган ҳолда сабзавотчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш каби лойиҳаларни амалга ошириш учун фуқароларга 0,10 гектардан 1 гектаргача бўлган ўлчамларда очиқ электрон танлов орқали 10 йилга ижарага бериш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинди.

Белгиланишича:

  • қишлоқ хўжалиги мақсадлари, шу жумладан, деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаларини ижарага бериш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш, уларни ваколатли органлар ва ташкилотлар билан келишиш “E-IJARA” ахборот тизими орқали амалга оширилади;
  • қишлоқ хўжалиги мақсадлари, шу жумладан, деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкалари “E-AUKSION” электрон савдо платформасида очиқ электрон танлов ўтказиш орқали ижарага берилади, бундан Ер кодексига мувофиқ ер участкаларини Вазирлар Маҳкамаси томонидан ижарага бериш ҳоллари мустасно;
  • деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкаларини очиқ электрон танлов орқали ижарага беришда ўз томорқасида мева-сабзавотчилик, полиз маҳсулотларини етиштириш ва узумчиликда яхши натижаларга эришган, ушбу соҳалардан бирида таянч мутахассисликка эга бўлган фуқароларга, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган эҳтиёжманд оилаларга алоҳида устуворлик берилади.