Ўзбекистон | 16:40 / 26.11.2021
9140
1 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Туркманистонга боради

Фото: Kun.uz

Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 28 ноябрь куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 15-саммитида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Ашхобод шаҳрида бўлади.

Президент матбуот хизмати хабар беришича, тадбир кун тартибига мувофиқ, ташкилот доирасидаги кўп томонлама шерикликни янада кенгайтириш, энг аввало, савдо муносабатларини ривожлантириш, минтақанинг транзит салоҳиятини ошириш, «яшил» иқтисодиётни илгари суриш ва инновацияларни жорий қилиш масалалари кўриб чиқилади. Саммитнинг якуний ҳужжатини қабул қилиш кўзда тутилган.

Туркманистонга ташриф дастури доирасида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) минтақавий кўп томонлама тузилма бўлиб, минтақа мамлакатлари ўртасидаги яқин савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида 1985 йилда ташкил этилган.

Бугунги кунда ташкилотга Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Покистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон аъзо. Ўзбекистон ИҲТга 1992 йилда қўшилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид