Ўзбекистон | 11:59 / 02.12.2021
24925
2 дақиқада ўқилади

Коррупцион жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилади

Пора олиш, пора бериш ва ҳамда пора олди-бердисида воситачилик қилиш жиноятлари учун жазо 15 йилдан 20 йилгача узайтирилади. Порахўрлар муддатидан илгари озодликка чиқарилмайди, жазо енгилроғи билан алмаштирилмайди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик чораларини кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритди.

Агентлик раҳбари Акмал Бурҳоновнинг маълум қилишича, қонун лойиҳасида «коррупцияга оид жиноятлар» тушунчасига аниқ таъриф берилмоқда ва 15 турдаги жиноятлар бу тоифага киритилмоқда.

Коррупцияга оид жиноятлар учун жазо чораларини кескин кучайтириш назарда тутилмоқда. Хусусан, эндиликда ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш ёки фирибгарлик жиноятларини мансаб мавқейини суиистеъмол қилиб ёки хизмат мавқейидан фойдаланиб содир этиш қилмишлари учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси киритилмоқда.

Шунингдек, пора олиш, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш жиноятлари учун 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.

Бундан ташқари, порахўрлик жиноятларини содир этган шахслар жазони ўташ муддатидан илгари шартли озод қилинмаслиги ва жазо енгилроғи билан алмаштирилмаслигига оид ўзгартиш ва қўшимчалар ҳам киритилаётгани маълум қилинди.

Маълумот учун, амалдаги Жиноят кодексида пора олиш, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш жиноятлари учун энг юқори жазо сифатида 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлишга оид президент фармонида Жиноят кодексида коррупцияга оид жиноятлар тоифасига кирувчи моддаларнинг аниқ рўйхатини белгилаш, коррупциявий жиноятларга жазони узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазо чорасигача кескин кучайтириш, коррупциявий жиноятлар содир этганларга енгиллаштирувчи нормалар қўлланилишига чекловлар белгилаш вазифаси белгиланганди.

Мавзуга оид