12:08 / 05.12.2021
38677

Дорихона наркоманлари – рецептсиз ўлим мижозлари

Kun.uz ҳомийлигидаги SUBYEKTIV лойиҳаси яна бир долзарб мавзуга қўл урди – тобора авж олаётган “дорихона наркоманияси”.

Афсуски, Ўзбекистонда профессионал социологик тадқиқотлар ўтказилмайди, шу сабабли жуда кўп янги муаммоларнинг оммалашиш динамикаси ҳақида кенг профилли маълумотлар йўқ. Лекин “дорихона наркоманияси” яшин тезлигида авж олиб кетгани фактини тасдиқлаш учун катта тадқиқотлар шарт эмас: шунчаки, Тошкентнинг аҳоли кўп яшайдиган мавзеларида сайр қилишнинг ўзи кифоя.

Масалан, Чилонзор туманининг 2-мавзесида пиёда юриб, ўзимизни наркорайонга тушиб қолгандек ҳис қилдик. Атрофда тарқалган маиший чиқиндилар орасидаги дориларнинг жуда катта қисми – “Зардекс”, “Регапен”, “Тропикамид”...

Гап нимадалигини қисқа тушунтирадиган бўлсак, охирги йилларда “дорихона наркоманияси” деб аталаётган феномен авж олмоқда. Фақат рецепт асосида бериладиган оғриқ қолдирувчи, уйқусизлик ва томир тортишишига қарши ва ҳоказо турдаги кўплаб дорилар муайян тарзда фойдаланилганда наркотик таъсир кўрсатади. Яъни муайян вақт кўтаринки кайфият бағишлайди, одам ўзини қийнаётган муаммолардан халос бўлгандек ҳис қилади.

Ўзига қарам қилувчи бошқа моддалар каби, наркотик эффектга эга дориларни қабул қилувчилар ҳам вақт ўтиб дозани ошириб боришга мажбур бўлади. Бу эса бора-бора галлюцинацияларга олиб боради, киши мутахассис ёрдамисиз ўзини қўлга ола олмайдиган ҳолга етади. Ёрдамга вақтида мурожаат қилинмаган ҳолатлар эса ўлим билан якун топиши ҳам мумкин.

Наркотиклар гуруҳига кирмайдиган бу дори воситаларига ўрганиб қолиш ўсмирлар ва 30 ёшгача бўлганлар орасида кўпроқ учрайди – улар қизиққон, бу турдаги дорилар нархи эса анчагина арзон, қолаверса, виждонини-да сотиб юборувчи аптекачиларни ҳар қайси шаҳардан топиш мумкин.

Ачинарлиси, қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар ва тез-тез ўтказилаётган рейдларга қарамай, хавфли тенденцияни нафақат тўхтатиб, ҳатто секинлаштириб ҳам бўлмаётгандек. Охирги пайтларда ҳатто қизлар орасида ҳам бу дориларга “ўтириб қолаётганлар” кўпаяётгани тез-тез қулоққа чалиняпти.

Хўш, “дорихона наркоманияси” нимаси билан хавфли? SUBYEKTIV'нинг янги сони шу саволга жавоб излайди. Кўрсатувни албатта томоша қилинг, уни яқинларингизга улашинг ва... уларга беэътибор бўлманг!

Top