Ўзбекистон | 16:22 / 06.12.2021
34358
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қозоғистон – иттифоқдош давлатларга айланди

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги товар айирбошлашни 10 миллиард долларга етказиш бўйича Амалий ҳаракатлар режаси ҳам имзоланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жўмарт Тўқаев ўртасидаги музокаралардан сўнг ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Президентлар Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларацияга имзо чекди.

Ҳужжатда қардош халқларнинг ҳаётий муҳим ва узоқ муддатли миллий манфаатлари, кўп қиррали шериклик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш мақсади ўз ифодасини топган.

Маросимда имзоланган яна бир муҳим ҳужжат яқин 5 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги товар айирбошлашни 10 миллиард долларга етказиш бўйича Амалий ҳаракатлар режаси бўлди. Унда икки мамлакат тармоқлари ва ҳудудлари учун қулай шароитлар яратиш кўзда тутилган.

Давлат раҳбарлари ҳузурида ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди. Божхона, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, фазовий маконни тадқиқ этиш ва ундан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасига доир ҳамда “Марказий Осиё” саноат кооперацияси халқаро марказини ташкил этиш тўғрисидаги битимлар шулар жумласидан. Шунингдек, савдо, инвестициялар, энергетика, транспорт коммуникациялари, суд-экспертлик фаолияти, мудофаа, бандлик ва фан соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича тегишли ҳужжатларга имзо чекилди.

Тошкент ва Туркистон вилоятлари, Тошкент ва Нур-Султон шаҳарлари, Навоий ва Қизилўрда вилоятлари ҳокимликлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича 2022-2023 йилларга мўлжалланган “йўл харита”лари қабул қилинди.

Умуман, кўп қиррали Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигининг деярли барча йўналишларини қамраб олган 22та ҳужжат имзоланди.

  • Маълумот учун, Ўзбекистон ҳозирга қадар фақат Россия Федерацияси билан 2005 йил 14 ноябрда Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолаган.

Мавзуга оид