Солиқ маслаҳатчиси, United Tax Advisors компанияси асосчиси Муроджон Муҳаммеджанов МFaktor лойиҳасига берган интервьюсида мантиқсиз солиқ текширувлари ва солиқ қонунчилиги соҳасидаги муаммоларга тўхталиб ўтди.

«Солиқ соҳасида бизнинг тадбиркорлар учун самараси 0,01 фоиз, аммо салбий жиҳати 5-6 баробар юқори ҳисобланадиган ўзгаришлар кутиб турибди. Масалан, ҳозирги кунда E-aktiv, E-ijara каби дастурларни қилишмоқда. Қонунчиликка шунақа таклифларни киритиб қўйишганки, солиқ тўловчилар солиқ органи томонидан ишлаб чиқиладиган дастурий маҳсулотни ишлатиши мажбурий. Бу жуда хавфли нарса ва солиқ тўловчиларни хоҳлаганимча, хоҳлаган жойимга бураман деган ғояга ўхшайди. Бу каби янгиликларни салбий эмоциялар билан кутиб олмасликнинг имкони йўқ», дейди у.
Камерал текширув ўзи нима?
Солиқ маслаҳатчисининг қўшимча қилишича, тадбиркорлар худди йўл қоидаларини билмай, ҳаракат қилаётган ҳайдовчига ўхшаб қолган.
«Камерал текширув Солиқ қўмитасининг хатарларни таҳлил қилиш дастуридаги қизил, сариқ, яшил йўлакларнинг қай бирига мос келишига қараб, хатарли йўлакка тушган тадбиркорларда ўтказилади ва солиқ тўловчининг солиқ тўламаслик риски анализ қилинади. Унда тадбиркорлик субъекти ҳисоботлари, товар айланмаси каби молиявий ва ҳуқуқий ҳаракатлари таҳлил қилинади ва тадбиркор 3та йўлакдан биттасига туширилади. Шубҳали йўлакка тушган тадбиркорлик субъектлари камерал яъни тўлиқ текширув ўтказилиши учун белгилаб олинади.
Бу йўлакларга бўлинишда юздан ортиқ параметрлар инобатга олинади. Сиз ҳисоб фондингизни ўзгартирсангиз ёки бир йилда бир мартадан ортиқ қайта ҳисобот киритсангиз ҳам сариқ йўлакка тушишингиз мумкин. Лекин солиқ органлари нима қилса қизил йўлакка, нима қилса сариқ йўлакка тушиш бўйича ишлаб чиққан қоидаларини тадбиркорга тақдим қилмаган. Бу маълумотлар ёпиқ ҳисобланади. Тадбиркор худди йўл қоидаларини билмай ҳаракат қилаётган ҳайдовчига ўхшайди.
Қачон мен рискка тушаман деган нарсани ҳеч қайси тадбиркор билмайди. Тасаввур қилинг, кўр одамни далага чиқариб юбориб, унга мина борлигини ва босиб қўйса, портлаб кетишини айтяпсиз. Бу агар портлаб кетсанг ўзинг айбдорсан, босиб олдинг-ку, дегандай гап.
Ҳамма ўйин қоидасини билиши керак. Айни пайтда бу қоидалар яшириб қўйилган. Ўнгга юрсангиз ҳам, чапга юрсангиз ҳам, тўғрига юрсангиз ҳам, орқага юрсангиз ҳам, тўхтаб қолсангиз ҳам, сиз қоидабузар бўлиб қоляпсиз. Бунинг оқибатида нафақат солиқ органларига, балки давлатга нисбатан ҳам ишонч сўнади.














