Жаҳон | 05:02 / 11.12.2021
7924
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Донбасс бўйича референдум ва Путин билан музокаралар ўтказилиши мумкинлигини истисно қилмади

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилганди.

Фото: Getty Images

Украина президенти Владимир Зеленский Донбасс масаласида референдум ўтказилиши ва Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар олиб бориши мумкинлигини истисно қилмаслигини айтди.

«Донбасс бўйича референдумни буткул истисно қилмайман. Бу ерда гап мақомда эмас. Шундай бўлиши мумкин, бу Донбасс, Қрим, эҳтимол, урушни бас қилиш тўғрисида ҳам бўлиши мумкин», — деди у 1+1 телеканалига берган интервьюсида.

«Шунингдек, Россия президенти билан тўғридан тўғри музокаралар ўтказилишини ҳам истисно қилмайман ва бу борада қўллаб-қувватловга эгаман. Бу йўналишда европалик ҳамкорларимиз ва АҚШнинг қўллаб-қувватлашини кўрмоқдаман», — деди у.

7 декабрь куни Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Жо Байден ўртасида видеомулоқот ўтказилди.

Кремлнинг хабарига кўра, икки давлат раҳбарлари Украинадаги инқироз ва 2015 йилдаги Минск келишувларининг бажарилишида силжиш йўқлиги билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилган.

Шунингдек, Жо Байден Владимир Зеленский билан ҳам телефон орқали мулоқот ўтказди.

Киевнинг маълум қилишича, АҚШ президенти Украина суверенитетини ҳимоя қилишда қатъийлигини ва Донбассдаги низони тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдори эканини билдирган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид