Кўчаларимиз машиналарга тўлиб-тошмоқда. Бироқ, Ўзбекистонда автомобиллар сони аслида у қадар кўп эмас — Европа мамлакатлари билан солиштирсак, ҳаттоки бир неча ўн баробар кам. Масалан, Германияда салкам 48 миллион автомобил мавжуд, лекин бу мамлакатда шаҳарларда катта тирбандлик кузатилмайди. Ўзбекистонда 3 миллион атрофида автомобил мавжуд – пойтахтда ҳам, бошқа шаҳарлар кўчалари ҳам доим тиқилинч.
Бу муаммо ҳақида матбуотда кўп гапирилди. Шундай бўлса-да, яна бир бор тиқилинчлар ва йўлдаги ўлим ва жароҳатларни камайтириш, шаҳар аҳолиси учун қулай шароитлар яратиш учун нималар қилиш лозимлигини очиқ, ишончли маълумотларга таяниб келтирмоқчиман. Қуйидаги қисқа ва содда маълумотлар ишончли тадқиқотлар ва кўплаб мамлакатларнинг 50 йиллик тажрибасига асосланган. Мақолада шаҳар ичидаги йўллар ҳақида гап кетади.
Кенг йўллар — хавфли йўллар
Мана бу тадқиқотга кўра, шаҳарлардаги кенг (3,3–6 метрли) автомобил йўллари анча хавфли, торроқ (2,8–3,2 м) йўллар хавфсизроқ. Торроқ йўлларда тезликни ошириш қийин, паст тезлик ўлим хавфини камайтиради. Масалан, 50 км/соат тезликда келаётган автомобил пиёдани уриб юборганда инсоннинг тирик қолиш имконияти бор-йўғи 15 фоиз, агар тезлик 30 км/соат бўлса, пиёданинг тирик қолиш имконияти 90 фоизга тенг бўлади.

Кенг йўллар тирбандликларни камайтириш ўрнига, аксинча, кўпайтиради.
«Йўлларни кенгайтириш орқали пробкани камайтириш, белдаги камарни кенгайтириш билан семиришни тўхтатса бўлади деган гапга ўхшайди», деб ёзганди машҳур олим Люис Мамфорд

















