Тошкентнинг биқинида мактаб, боғча, сув ҳавзаси ва бошқа ижтимоий объектлар учун ажратилган ҳудудда коттежлар қурилмоқда. Ноқонуний экани шундоққина кўриниб турган қурилишни ҳатто ҳукумат комиссияси ҳам тўхтата олгани йўқ.

Зангиота тумани Фаробий маҳалласи фуқароларидан Kun.uz'га шикоят тушди. Унда ушбу маҳалла ташкил этилган вақтларда мактаб ва боғча қуриш учун қолдириб кетилган ер майдони туман ҳокими қарори билан турар жойлар (коттеж) қуриш учун тадбиркорга бериб юборилгани айтилади.

Kun.uz Ўзбекистонда мактаб етишмовчилиги энг катта муаммолардан эканидан келиб чиқиб, бу мурожаатни жойига чиқиб, батафсил ўрганишга қарор қилди.

Маҳалла фаолларидан Алишер Содиқов муаммо атрофидаги манзарани тасвирлаб берди.

“Бу ердаги 4 та маҳаллада 17 минг киши истиқомат қилади. Узоқ нуқтасидан турган жойимизгача 2,5 км. На мактаб, на боғча, на бирор чойхона, на спорт мажмуаси бор. Ҳеч нарса йўқ. 1 км нарида битта мактаб бор, 1970-йилларда қурилган. Бир синфда 40-45 бола ўқийди. 1600-1700 ўқувчи таҳсил олади. 3-сменаликлари бор ҳатто.

Бу ер мактаб учун қолдирилган жой эди. Нима учун мактаб қурилиши керак бўлган жойга тадбиркор уй қурмоқда. (Ҳоким) қарор чиқарганда президентнинг беш ташаббуси ижросини таъминлаш мақсадида дейилган, беш ташаббус нима эканини билармикан ҳокимнинг ўзи? Беш ташаббусда уй қурсин демаган, қолаверса, халқ рози бўлмаган. Улар халқ рози дейишмоқда.

Шу кеча-кундузда ерни нол қийматда беришга ҳокимнинг ваколати йўқ-ку. Ўғрилик қилса, қамашади, бу ерда шунча ер олиб қўйиляпти. Нега нол қийматда беради? Шу ерга мактаб ва боғча қураман деб келган тадбиркорга бу ер суғориладиган майдон, мумкин эмас, дейишди. Орадан 1 ой ўтмасдан, ташландиқ бўлиб қолди ўзидан ўзи. Бояги тадбиркорга мумкин бўлиши учун нимадир қилиши керакмиди?” – дейди Алишер Содиқов.

40 йил лойиҳачи конструктор-муҳандис бўлиб ишлаган Маъмура Носирова муаммо хусусида бўлиб ўтган воқеаларни сўзлаб бераркан, “ҳақиқатни айтгани учун ёмонотлиқ бўлиб қолгани”ни таъкидлади.