Ўзбекистон | 17:58 / 16.12.2021
16470
2 дақиқада ўқилади

Хотин-қизлар таълимига 310 млн, бир марталик мушакбозликка 444 млн сўм. Навоий вилояти ҳокими нималарга пул ажратди?

Бир вилоятнинг битта байрамдаги мушакбозлик учун харажатлари шу вилоят аёлларини олий таълим олишга рағбатлантириш учун берилаётган маблағлардан кўп.

Фото: Қобул Турсунов / Facebook

Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов 15 декабрь куни маблағ ажратиш ҳақида фармойиш имзолади.

Ҳужжатда бир қатор мақсадлар учун вилоят маҳаллий бюджети 3-чорак даромадларининг режадан орттирилиб бажарилган қисмидан 2 млрд 901 млн сўм йўналтириш белгиланган.

Хусусан, ҳоким фармойишида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 28 йиллик байрамини (2019 йил) юқори савияда ўтказиш учун ажратилган мушаклардан ҳосил бўлган қарздорликни қоплаш учун 443,9 млн сўм ажратиш кўзда тутилган. Бунга бош вазир биринчи ўринбосарининг 2021 йил 3 сентябрдаги 06/18-Ю-15-0/11845-сонли топшириғи асос сифатида кўрсатилган.

Шунингдек, ҳужжат билан:

  • “Беш ташаббус” бўйича медиа-марказ ташкил этиш билан боғлиқ харажатларга 400 млн сўм;
  • Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш жамғармасига 1 млрд сўм;
  • хотин-қизларга базавий тўлов контракт суммасини тўлаш мақсадида рўйхат асосида барча туман ва шаҳарларга жами 310 млн сўм ажратилган.
Фармойиш иловасидан скриншот

Фармойишда мушакбозлик учун маблағ вилоят Маданият бошқармаси ҳисоб рақамига ўтказилиши кўрсатилган.

Навоий вилояти маданият бошқармаси бошлиғи Нодир Ниёзовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, байрамларда мушакбозлик буюртма асосида вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси назорати остида Мудофаа саноати давлат қўмитаси мутахассислари томонидан ташкил этилади. Ажратилган маблағ ҳам Маданият бошқармасидан Фавқулодда вазиятлар бошқармасига ўтказиб берилади.

2021 йил 7 сентябрда ҳам Навоий вилояти ҳокимининг фармойиши асосида мустақилликнинг 30 йиллиги байрами харажатлари учун вилоят маданият бошқармасига 450 миллион сўм берилган.

Мавзуга оид