Вилоят ҳокимининг маълум қилишича, 2022 йилдан ҳар ойда камида бир маротаба ҳар бир комплекс раҳбарларининг, яъни 1 нафар вилоят ҳокими ўринбосарлари, 2 нафардан бошқарма, корхона раҳбарларининг ҳисоботлари эшитиб борилади.

Шунингдек, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сессияларини телевидение ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали тўғридан тўғри эфирга узатиш йўлга қўйилади.
Ҳокимнинг таъкидлашича, якунига етаётган йилда бюджетга 2 трлн 811,6 млрд сўмлик, маҳаллий бюджетга 1 трлн 939,3 млрд сўм тушумлар тушириш ҳамда вилоят ихтиёрига 140 млрд сўм эркин қолдиқ маблағлари қолдириш режалаштирилган.
Мурожаатномада 2022-2026 йилларда вилоятда амалга оширилиши режалаштирилган энг муҳим вазифаларга ҳам тўхталиб ўтилди.
«Кейинги беш йилликда вилоят аҳолисига муносиб яшаш шароити яратилиб, инфратузилма билан боғлиқ масалалар ҳал этилади. Жумладан, Навоий шаҳрида янги массив барпо этилиб, 4 минг хонадонга мўлжалланган кўп қаватли уйлар, мактаб, боғча ва бошқа ижтимоий объектлар қурилиши йўлга қўйилади.
Зарафшон шаҳри ҳудуди кенгайтирилиб, қўшимча 30 минг аҳоли яшаши учун, замонавий инфратузилмага эга бўлган «Саноатчилар шаҳарчаси», бошқа туманларда 14 минг хонадонли 400та кўп қаватли уй-жой бунёд этилади. Вилоятда минг км.дан ортиқ ичимлик суви ва 90 км канализация тармоқлари қурилади.
«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида келгуси беш йилда 100та қишлоқ ва маҳалла обод қилинади. Бунга бюджетдан ҳар йили камида 600 млрд сўм йўналтирилади. Шунингдек, 5 минг км электр тармоғи, мингдан зиёд трансформатор ҳамда 6 минг км автомобиль йўллари, 186та кўприк қурилади ва таъмирланади. Бундан ташқари, 15 млрд долларлик 2,2 мингта инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 75 мингта янги иш ўрни яратилади», дея вилоят ҳокимининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мурожаатномада 2022 йилда амалга оширилиши мўлжалланаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълум қилинди. Жумладан, вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 54,8 трлн сўмга (ўсиш суръати 105,6 фоиз), саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 94,7 трлн сўмга (ўсиш суръати 107,3 фоиз), қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 12,7 трлн сўмга (ўсиш суръати 102,8 фоиз), қурилиш ишлари 4,7 трлн сўмга (ўсиш суръати 104,3 фоиз) етказилади.















