Зангиота тумани “Форобий” МФЙда мактаб ва боғча учун мўлжалланган ер майдонида коттежлар қураётган “Skytech-Line” МЧЖ муассиси ва директори коммунал хизматлар вазирининг биринчи ўринбосари билан яқин қариндош экани маълум бўлди.

Kun.uz ушбу қурилишга аҳолининг қаршилиги ҳақида 14 декабр куни “Беш ташаббус баҳонами? Мактаб учун мўлжалланган ер тадбиркорга бериб юборилди” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилган эди. Унда Зангиота туман ҳокимлиги ҳужжатлардаги сўз ўйинлари орқали аслида мактаб ва боғча қуришга мўлжалланган ерни турар жойлар қуриш учун тадбиркорга нол қийматда бериб юборгани ҳақида ёзилганди.

Ваҳоланки, ҳудудда янги мактаб ва боғчага эҳтиёж бор, буни Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирликлари ҳам тасдиқлаган. Туман ҳокимлиги эса на аҳоли эътирози, на прокурор протести, на вазирлик ва на кадастр органи эътирозларини инобатга олмаяпти.

Аҳоли шикояти юзасидан ўрганишларимиз давомида низоли ҳудудда уй-жой қураётган “Skytech-Line” МЧЖ вазир ўринбосарининг яқин қариндоши экани маълум бўлди.

Корхона-ташкилотлар реестрига кўра, корхона 2020 йил 21 январда рўйхатдан ўтказилган. Орадан 3 ой ҳам ўтмай – 2020 йил 2 апрелда Зангиота ҳокими бу фирмага айни пайтда низоли ерни ажратиб берган.

Жамиятнинг 100 фоиз улуш билан ягона таъсисчиси – фуқаро Суҳроб Исмоилович Саифназаров. Фирма директори – Искандер Исмоилович Саифназаров.

Суҳроб (фотосуратини топиш имкони бўлмади) ва Искандер Саифназаровлар ўзаро ака-ука бўлиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг собиқ депутати, профессор Исмоил Саифназаровнинг фарзандларидир. Биз ушбу фирма раҳбарлари билан бевосита учрашишга бир неча маротаба уринганимизга қарамай, сўровларимиз жавобсиз қолди. Аниқроғи, ҳар сафар “кейинги ҳафта аниғини айтамиз” деган жавоб берилди.

Ака-ука Саифназаровларнинг яна бири – Саифназаров Соҳиб Исмоилович. У 2017-2019 йилларда ташқи савдо вазири ўринбосари, 2019 йилда иқтисодиёт ва саноат вазири ўринбосари лавозимида ишлаган. 2019 йилдан бугунги кунга қадар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг биринчи ўринбосари