Ўзбекистон | 18:26 / 20.12.2021
21290
4 дақиқада ўқилади

Жиззахда депутатларга вилоят кенгаши сессиясига телефонсиз кириш ва вилоят ҳокимига савол бермаслик шарти қўйилди

Фото: Жиззах вилояти ҳокимлиги

Ижтимоий тармоқларда депутатларга Жиззах вилояти кенгаши сессиясига телефонсиз кириш ва вилоят ҳокимига савол бермаслик шарти қўйилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Жиззах вилояти кенгаши котибияти хабар юзасидан муносабат билдирди ва тарқалган хабарларни инкор этмаган ҳолда унда келтирилган шартларни яна бир бор эслатди.

Халқ депутатлари Жиззах вилояти кенгаши котибияти мудири Нодира Каримова номидан тарқалган хабарда вилоят кенгаши депутатлари, туман (шаҳар) кенгашлари доимий комиссия раислари ва котибият мудирлари «оқ кўйлак, қора костюм-шим, тёмний галстук»дан иборат расмий формада, депутатлик белгиси ва гувоҳномада келиши шартлиги айтилган.

Шунингдек, депутатлар сессияга телефон билан қўйилмаслиги таъкидланган.

Бундан ташқари, агар сессия кун тартиби бўйича интервью берадиганлар бўлса, вилоят ҳокими мурожаатидан келиб чиқиш лозимлиги ҳамда сессия бўлиб ўтаётган жараёнда саволлар берилмаслиги айтилган.

Ушбу хабар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев депутатлар дахлсиз эканлиги ва уларнинг қўлидаги мулкини олиб қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини билдирди.

У «расмий кийим» нима эканлигини билмаслиги ва бу ҳақда қонунчиликда ҳеч қандай тушунча берилмаганини маълум қилди.

«Сессияга «расмий кийимда» келишлари керак, дейилган жойи тушунарсиз. Чунки ўзим ҳам «расмий кийим» нима эканлигини билмайман. Қонунчиликда бунинг тушунчаси йўқ афсуски: европача костюмми, қора кўйлакми ёки миллий чопонми, ҳалиям номаълум.

Майли, ҳамманинг омадини берсин ишқилиб. Фақат бир нарсани эсдан чиқармаслик керак: депутат мактаб боласи эмас, у минглаб одамлар томонидан сайланган, мустақил шахс. Оқ кўйлакда кел, телефонни ўчириб кел, саволсиз кел каби гаплар мактаб боласига айтилади.

Ўзи «Кенгаш раиси масаласи» ҳал бўлмагунча маҳаллий депутатлар ишида ўнгланиш бўлмаслиги кўриниб турибди», дейди у.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан Жиззах вилояти кенгаши котибияти муносабат билдирди. Муносабатда ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар инкор қилинмаган ва «расмий кийим» ҳақида яна бир бор эслатилган. Бундан ташқари, депутатларнинг сессияга телефонсиз кириши лозимлиги ва ҳокимга савол бермаслиги кераклиги ҳақидаги гапларга ҳам изоҳ берилган.

«Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг регламентига асосан, депутатлар депутатлик одоби ва талабларидан келиб чиққан ҳолда ўтказиладиган сессияларга расмий кийимда келиши керак бўлади.

Сессия йиғилиши вилоят телевидениеси ҳамда ижтимоий тармоқларда тўғридан тўғри ёритилишини инобатга олган ҳолда сессия йиғилишига халақит бермаслик мақсадида телефонни овозсиз ҳолатга келтириш тавсия этилган.

Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари регламентининг 61-моддасига асосан, вилоят ҳокими ҳар йили вилоят кенгашига ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисобот тақдим этиши белгиланган.

Ушбу сессия кун тартибига киритилган мурожаатнома барча депутатлар иштирокида доимий комиссиялар йиғилишида батафсил муҳокама этилган ҳамда сессиядан кейин очиқ тарзда матбуот анжумани ўтказилиши режалаштирилган ва депутатлар матбуот анжуманига таклиф этилган. Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ҳамда депутатлар томонидан савол-жавоблар ўтказилиши белгиланган», дейилади муносабатда.

Мавзуга оид