АҚШнинг The New York Times нашри шов-шувли суриштирувни эълон қилди. Унда айтилишича, АҚШнинг Яқин Шарқ мамлакатлари ва Афғонистонда ўтказган операциялари оқибатида Пентагон расман эълон қилганига қараганда анча кўп тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.

АҚШ 2014 йилдан буён ИШИД террорчи ташкилотига қарши курашда Ироқ, Сурия ва Афғонистон ҳудудида авиазарбалар йўллаган. АҚШ Мудофаа вазирлиги расмий маълумотларига кўра, 2014 йилдан буён Ироқ ва Сурия ҳудудида амалга оширилган авиазарбалар оқибатида 1 417 нафар тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган. Американинг 2018 йилдан буён Афғонистонда ҳарбий кампанияси давомида эса авиазарбалар сабаб 188 нафар ағфонистонлик тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.

Пентагон архив маълумотларини қўлга киритишга муваффақ бўлган NYT ҳисоб-китобларига кўра, аслида АҚШнинг бу ҳудудлардаги авиазарбалари анча кўп тинч аҳоли вакилларининг умрига зомин бўлган. Газета журналистлари 1,3 минг махфий маълумотларни таҳлил қилган ҳолда шундай қарорга келган. Суриштирувга кўра, минглаб тинч аҳоли вакилларининг ўлими (уларнинг аксари болалар) рақамларда акс этмай қолган.

NYT суриштирувида айтилишича, АҚШ ҳарбийлари учувчисиз дронлар ёрдамида аҳоли уйлари, машиналар ва ижтимоий объектларга адашиб зарба берган. Бунга сабаб сифатида АҚШ разведкасининг шармандаларча хато маълумот бергани кўрсатилган. Журналистлар Пентагонни хато авиазарбалар оқибатини суриштирмаслик ва шунчаки ташлаб қўйганликда ҳам айблаган. АҚШ ҳарбийлари разведканинг хато маълумотларини таҳлил ҳам қилмаган.

Фото: AP

Тинч аҳоли вакиллари ўлган ҳолатларнинг фақат 12 фоизида воқеа оқибатларини ўрганиш тавсия қилинган, фақат бир марта ҳарбий операция қоидалари бузилгани қайд этилган. Аммо тинч аҳоли вакиллари хато сабаб ўлдирилган ҳолатлар учун ҳеч бир америкалик ҳарбий жазоланмаган ва ҳатто огоҳлантириш олмаган.

The New York Times ушбу ҳолатлар ҳақида маълумот олиш мақсадида Пентагон расмий вакили Билл Урбанга алоқага чиқди. Унинг айтишича, дунёдаги энг зўр технологиялар билан ҳам бундай хатолардан қочиб бўлмайди: «Хато қилмаслик учун кўп ишлаймиз, диққат билан ўрганиш олиб борамиз. Хатоларимиздан эса афсусдамиз», деган Пентагон тинч аҳоли орасида қурбонлар сонини камайтириб айтганини рад этмай.