Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарё вилояти ҳокими: 10 дан ортиқ қозон осиб кимўзарга тўй қилаётганлар ўртасида тарғиботни кучайтириш лозим
Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Муроджон Азимов вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида аҳолига қилган мурожаатида воҳада ўтказилаётган дабдабали тўйларга ҳам тўхталди.
Унинг айтишича, жорий йил октябрда вилоятдаги 652 минг 733 та хонадонда истиқомат қиладиган 3 миллион 285 минг 291 нафар аҳоли ўртасида текширувлар ўтказилган. Текширувлар натижасида – катта ёшдаги аҳолининг 28,3 фоизида ортиқча вазн, 14,2 фоизида семизлик, 42,3 фоизида мева-сабзавотни кам истеъмол қилиш, 57 фоизида ёғли овқатни хуш кўриши, 42 фоизи жисмоний нофаол экани аниқланган
Вилоятда аҳоли томонидан бетартиб овқатланиш, гўшт маҳсулотларини меъёридан кўп истеъмол қилиш юрак-қон томир касалликларининг келиб чиқишига омил бўлиб қолмоқда.
«Қашқадарё вилоятида 10 дан ортиқ қозон осиб 40-50 млн сўм пул сарфлаб, базм уюштираётган, кимўзарга тўй қилаётганлар ўртасида тарғиботни кучайтириш лозим, деб ўйлайман.
Бир кунлик тўй учун сарф этиладиган 40-50 миллион сўм маблағга қанча китоб сотиб олса бўлади, қанча эҳтиёжманд учун хайр-саховат кўрсатса бўлади. Шу қишлоқ учун кутубхона ёки ўқув маркази барпо этса бўлади.
Бу каби меъёридан ортиқ овқатланиш, биринчидан, саломатлик учун хавфли, қолаверса, йиллар давомида оғир меҳнат орқали топилган маблағни мақсадли сарфлаш ҳақида ҳам ўйлашимиз керак», деди Муроджон Азимов ўз мурожаатида.