Ўзбекистон | 10:37 / 22.12.2021
6665
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда қизил чироқда ҳаракатланган ҳайдовчи икки кишини уриб юборди. Пиёдаларнинг бири вафот этди

Видеодан кадр

Қарши шаҳрида светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган ҳайдовчи икки кишини уриб юбориб, қочиб кетган. Оқибатда пиёдалардан бири вафот этган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 17 декабр куни 7:20 ларда Қарши-Бешкент йўлининг Қарши шаҳри ҳудудидан ўтувчи 4-километрида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Қарши-Бешкент йўналишида ҳаракатланиб бораётган ҳайдовчи чорраҳада светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган ва кўчани кесиб ўтаётган икки нафар пиёдани уриб юборган. Сўнг, уларга ёрдам бермасдан қочиб кетган. Оқибатда пиёдалар оғир тан жароҳати олиб, улардан бири вафот этган.

Ички ишлар ходимлари томонидан олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида ушбу йўл-транспорт ҳодисасини «Лада Веста» машинаси ҳайдовчиси содир этгани аниқланиб, у ушланган.

Қайд этилишича, ҳайдовчига нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми ва 117-моддаси 2-қисми билан жиноят иш қўзғатилган. Ҳозирги кунда Қарши шаҳар ИИО ФМБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид