Водийдан ёки пойтахтдан воҳага қараб йўл олганда Сирдарёдаги катта йўл ёқасида қовунқоқи кўтариб турган болаларга кўзингиз тушади. Кўпчилик совуқда туриб сотишаётганига қараганда қовунқоқи қиммат бўлса керак, деб ўйлайди, лекин ундай эмас. Жаҳон бозорида килоси 22 долларгача сотиладиган қовунқоқи бизда арзон. Биринчи қўлдан килосини 10-12 минг сўмдан олишингиз мумкин.

Бу маҳсулот анча йиллардан буён тайёрланади. Биз билан суҳбатда бўлган катта ёшлилар эсини таниганидан буён қоқи сотишини айтганига қараганда, бу миллий бренднинг яхшигина тарихи бор. Бир неча йиллардан буён эса қовунқоқини қадоқлаб сотиш, экспорт қилиш йўлга қўйилган. Айниқса Мирзачўлдаги қишлоқларда яшовчилар бу маҳсулотни тайёрлашнинг ҳадисини олган.

Август ойидан бошлаб қовунларни қуритиб, қоқи қилиш жараёни бошланади. Бизда бу меҳнаткашларнинг фаолиятлари билан танишиш фикри совуқ тушганда келди-да, кейинги йил ёзда репортаж қилармиз, деб бирров суриштирдик. Сирдарёдаги қишлоқлардан бирида қовунқоқиларнинг охирги «партияси» қуритилаётганидан хабар топгач, боришга қарор қилдик.

Сирдарё вилояти Ховос туманидаги Оқчангал қишлоғига бориб кўрдикки, қовун у ерларда кўпчиликнинг қозон қайнатиш манбаси экан. Ўз ерларида қовун тугул бирор гиёҳ ҳам ўсиши қийин бўлгани учун чўлликлар ҳосилдор ерларга оиласи билан чиқиб, деҳқончилик қилади, қовун экади. Ёзда қовун сотиш билан шуғулланишса, кузда кечки қовунлар сотиб бўлингач, бироз уринган қовунларни қоқи қилиб сотишади.

«Қуриган қовуннинг ҳаммаси бир хил, уларнинг фақат суви фарқ қилади», дейди деҳқонлардан бири нега яхши қовунлар қуритилмаслигини изоҳлар экан. Унинг айтишича, яхши қовунни бутунлигича сотса, яхшироқ фойда қолади. Шу сабаб бироз уринганлари қуритилади. Бу учун махсус майдонлар, қуритиш дорлари тайёрлаб қўйилган. Бутун оила, ёш болалар ҳам шу иш билан банд, қозон шундан қайнайди ахир.


















