Бухорода ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бераман дея пул олиб фирибгарлик қилган шахс қўлга тушди. Лекин фирибгар деб аталаётган бу шахс ушланмаганида ростдан ҳам «права» олиб берган бўларди.

Қолаверса, мана шундай майда «ушлашлар» билан соҳани коррупциядан халос қилиб бўлади, деб ўйлайсизми? Албатта йўқ. Бу муаммодан тизимли равишда халос бўлиш керак. Бугунги мақолада мавжуд муаммони атрофлича ўрганишга ҳаракат қиламиз.

Ҳайдовчиларнинг кўпчилиги «права» учун пора берган

Ҳозир ҳар ўн кишидан биттасида машина бор, машинаси бўлмаса ҳам, куни келиб асқатар дея, «права»га ўқиб, олиб қўйганлар ҳам кўп. Аммо ҳайдовчилик гувоҳномаси эгаларининг барчаси ҳам автомактабда қоидаларни ёдлаб, ҳайдашни ўрганиб, имтиҳонда саволларнинг барчасини тўғри ечиб олганми? Бу борада онлайн сўровнома ўтказдик.

18 минг киши иштирок этган сўровномада сўралганларнинг 25 фоизи (4482 киши ) ҳали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга эмаслигини айтган. Ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган 13 676 киши бўйича қуйидагича ҳолат:

  • Автомактабда дарсларга тўлиқ қатнаб, имтиҳонларни ҳам ўз кучи билан топширганлар 29 фоизни ташкил этган (3976 киши).
  • Автомактабда дарсларга чала қатнаб, бироқ имтиҳонни ўз кучи билан топширганлар 11 фоизни ташкил этган (1548 киши).
  • Автомактабда дарсларга тўлиқ қатнагани билан, имтиҳон топшириш босқичида пул берганлар энг кўп — 33 фоизни (4472 киши) ташкил этган.
  • Дарсларга чала қатнаб, ўқимасдан, имтиҳонни топшириш учун пул берганлар — 19 фоиз (2607 киши), умуман автомактабда ўқимасдан «права»ни совға сифатида олганлар эса 7 фоиз (973 киши)ни ташкил этмоқда.

Демак, 60 фоиз ҳолатда одамлар ҳайдовчилик гувоҳномасини тўғриликча қўлга киритмаган. Йўлларимизда маданиятсиз ҳайдовчилар, авариялар ва ўлимлар сони кўпаяётганининг энг асосий сабабларидан бири шу эмасми?

Бу вазият ҳайдовчиларни ўқитиш ва улардан имтиҳон олишнинг мавжуд тизими тўғри ишлаётганини сўроқ остига келтириб қўймоқда.