Ўзбекистон | 17:13 / 03.01.2022
37088
2 дақиқада ўқилади

Зарафшон шаҳар ҳокимлиги мансабдорлари терговда. Зарар миллион доллардан ортиққа баҳоланмоқда

Шаҳарда 5,3 гектар ер тадбиркорларга аукционсиз бериб юборилган. Гумондорлардан бири – ҳокимнинг собиқ ўринбосари. Kun.uz манбасига кўра, терговга чақирилганлар орасида Зарафшон шаҳар ҳокими ҳам бор.

Фото: Зарафшон шаҳар ҳокимлиги

Навоий вилоят прокуратураси томонидан Зарафшон шаҳар ҳокимлиги мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ҳокимлик мансабдорлари қиймати 11 млрд сўмдан ортиқни ташкил қилувчи 5,31 гектар ер участкаларини 7 нафар тадбиркорга ажратиб бериш орқали давлат мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишда гумонланмоқда.

Ушбу иш ортидан шаҳар ҳокими Анвар Ражабов ҳам терговга чақирув қоғози олган.

Kun.uz ихтиёрига келиб келиб тушган маълумотга кўра, ҳокимнинг собиқ ўринбосари А.Ф. мазкур иш доирасида Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда гумонланувчи тариқасида терговга жалб қилинган.

Терговни Навоий вилояти прокуратурасининг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими олиб бормоқда.

Шаҳар ҳокимлигидаги манба тақдим этган ҳужжатга кўра, 2017 йил март ойидан 2021 йил июнига қадар Зарафшон шаҳар ҳокимининг ўринбосари лавозимида ишлаган А.Ф. шаҳар ҳокими Анвар Ражабов ва бошқа мансабдор шахслар билан ўзаро тил бириктирган ҳолда шаҳар ҳокимининг 2020 йилдаги қарорлари билан жами 5,31 гектар ер участкасини бирор бир тўловсиз давлат-хусусий шерикчилиги асосида 7 нафар тадбиркорга ажратиб бергани, шаҳар ҳокимининг собиқ ўринбосари ер участкаларини доимий фойдаланишга аукцион орқали ажратилиши лозимлигини билгани ҳолда унга амал қилмай мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда гумонланяпти.

Ўтган йилнинг августида Kun.uz Зарафшон шаҳар прокуратураси шаҳар ҳокимининг 2021 йил апрель-май ойларидаги 59 та фармойишини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан судга ариза киритгани ҳақида хабар берган эди. Бироқ прокуратура мазкур иш бўйича апелляция судида ҳам ютқазганди.

Вилоят прокуратурасининг интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги қарори асосида вилоят ҳокими 2021 йил 27 декабрдаги фармойиши билан Зарафшон шаҳар ҳокими Анвар Ражабовга ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида интизомий жазо қўлланилганди.

Мавзуга оид