Самарқанд шаҳрининг Бўстонсарой ва Рўдакий кўчалари кесишмасидаги тоннел типидаги йўл ўтказгичда кузатилган сув ўтиш ҳолатига «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ахборот хизмати изоҳ берди. Унда ёзилишича, объектда қурилиш ишлари ҳали тугалланмаган. Аммо объектда тугалланган ишларнинг ҳам сифатсиз бажарилганини кўриш мумкин.
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ахборот хизматининг изоҳида маълум қилинишича, мазкур йўл ўтказгич қурилишида лойиҳага кўра асосий қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, Самарқанд шаҳри аҳолисига янги йил байрам тадбирлари даврида тирбандликнинг олдини олиш ва транспорт воситалари ҳаракатланишига қулайлик яратиш мақсадида йўллар очиб берилган. Ҳозирги пайтда ободонлаштириш ва сув қочириш, ирригация тармоқларида ҳали қурилиш ишлари жадал давом эттирилмоқда.
Тоннел қисмининг деворларидан сув ўтиш ҳолати ҳали қурилиш ишлари давом эттирилаётган сув қочириш-ирригация тизимидаги лотокларга ҳар хил турдаги тиқилишлар оқибатида юзага келган.

Таъкидланишича, тоннел деворларига ўрнатилган плиталар «қуруқ монтаж» усулида ишланган бўлиб, уларнинг орасидан сув ўтиши йўл ўтказгичнинг конструктив элементлари мустаҳкамлигига салбий таъсир этмайди.
«Лойиҳа ечимига кўра ушбу транспорт ечими қурилиши доирасида ёмғир сувларини қочириш учун насослар ўрнатилиши ва оралиқ қурилмалар туташиш жойида асфальт қопламасини кесиб, деформацион чоклар ўрнатилиши кўзда тутилган. Яқин кунларда қайд этилган ишлар тўлиқ якунланиб, юзага келган нохуш ҳолатлар бартараф этилади», дейилади изоҳда.
Гарчи «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ахборот хизмати ўз изоҳида «ободонлаштириш ва сув қочириш, ирригация тармоқларида ҳали қурилиш ишлари жадал давом эттирилмоқда», деётган бўлса-да ижтимоий тармоқларда тарқалаётган фотосуратларда тугалланиб бўлган ишларнинг ҳам сифатсиз бажарилганини кўриш мумкин.

Пиёдалар йўлакчасига ётқизилган бетон ва ёндош ҳудудларга терилган плиталар чўккан, ётқизилган сифатсиз асфалт қўзғаб кетган, қувурлар ҳалитдан тешилиб ётибди. Шу камчиликлар маблағ сарфланиб яна қайтадан қилиб чиқиладими?


















