Фотоколлаж: Kun.uz

Ўзи нима гап?

Ўзбекистон аҳолисининг катта қисми янги йил муносабати билан кетма-кет 5 кун – 31 декабрдан 4 январгача дам олди.

Дам олиш кунларида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги дам олиш масканларига ташриф буюрувчилар сони кескин ортди. Натижада йўлларда транспорт воситалари билан боғлиқ тирбандликлар юзага келган бўлса, Тошкент шаҳридаги айрим парклар ва кўнгилочар марказларда одамлардан иборат тирбандлик ажиотажи кузатилди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Амирсой тоғ-чанғи курортида кузатилган узун навбатлар, Тошкент вилоятидаги тоғ курортларига элтувчи йўллардаги тирбандликлар ва Тошкент шаҳридаги Magic city паркига тумонат одам йиғилгани акс этган.

Бу ҳолатлар бир саволни ўртага чиқармоқда: Тошкентда дам олиш масканлари сони етарлими? Байрамлар пала-партишлик ва тиқилинчларда ўтмаслиги учун нима қилиш керак?

Kun.uz айни шу саволлар билан мутахассисларга юзланди.

“Аҳоли ёввойи табиатга интилиши нормал ҳолат, лекин бизда баланс бузилган”

Архитектор Тахмина Турдиалиева:

— Тошкент аҳолиси ўсиб бормоқда, ҳозир  аҳолини турар жой билан таъминлаш масаласига эътибор қаратиляпти. Лекин турар жойдан ташқари шаҳарда кўп инфраструктуралар бўлиши керак. Асосийларидан бири ёввойи табиат фрагментлари – сокин боғ, ўрмончалар. Шунда табиат қўйнига қочиш балансга келади.

Бизда ҳозир ҳамма парклар кўнгилочар паркларга айлантириляпти. Сокин ва ёввойи парклардан фақат Ботаника боғини мисол қилиб келтиришим мумкин.

Кейин, шаҳарда ҳамма қулайликлар бўлган тақдирда ҳам, аҳоли баъзида шаҳардан чиқишга интилади, бу табиий ҳолат, шунинг учун шаҳар атрофида бўлиши керак бўлган инфратузилмалар бор. Мисол учун, шаҳарнинг яшил белбоғи. Шу белбоғ ичида ҳар хил сокин масканлар яратилиши керак. Бу белбоғнинг асосий функцияларидан бири – шаҳар аҳолисини ёввойи табиат билан таъминлашдир.