Жаҳон | 09:52 / 07.01.2022
26082
1 дақиқада ўқилади

«Аксилтеррор ҳаракатлар жангарилар тўлиқ йўқ қилинмагунча давом этиши керак». Тўқаев терроризмга қарши кураш бўйича штаб йиғилишини ўтказди

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев бугун, 7 январ куни эрталаб соат 7:00 да Оқўрдада президент маъмурияти раҳбарияти, Хавфсизлик кенгаши ва хавфсизлик кучлари иштирокида йиғилиш ўтказди.

Фото: ORDA

«Мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида конституциявий тузум тикланди. Маҳаллий ҳокимият органлари вазиятни назорат қилмоқда. Аммо террорчилар қурол ишлатишда ва фуқароларнинг мулкига зарар етказишда давом этмоқда. Шу боис аксилтеррор ҳаракатлар жангарилар тўлиқ йўқ қилинмагунча давом этиши керак», деди Қосим-Жўмарт Тўқаев.

У Қозоғистоннинг барча ҳудудларида конституцион тартиб ўрнатилиши кераклигини таъкидлади.

Йиғилишда ички ишлар ва мудофаа вазирлари вазифасини бажарувчи, шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси ҳисобот берди, дейилади Orda хабарида. 

Маълумот учун, Қозоғистонда 2 январь куни бошланган намойишлар 4 январда авж олиб, бутун мамлакатга тарқалди, 5 январь куни бутун Қозоғистон бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқариш ортидан ўзи Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимида Назарбоевнинг ўрнини эгаллади ва КХШТдан ёрдам сўради.

Мавзуга оид