Қозоғистонда бир неча кундан буён намойишлар тўхтамаяпти. Охирги кунларда мамлакатдаги вазият бир неча марта ўзгарди. Намойишчилар аввалига Нурсултон Назарбоев ҳамда ҳукумат истеъфосига эришди. 5 январь куни кечга яқин бутун Олмаотани назорат қила бошлагандек кўринишди. Бироқ кейинроқ ҳарбийлар шаҳарга қайтиб, «аксилтеррор операцияси» ўтказа бошлашди. Намойишлар вақтида 18 нафар ҳарбий, ўнлаб намойишчилар ҳалок бўлгани хабар қилинди. «Медуза» сўрови билан маҳаллий журналист Айсулу Тойшибекова мамлакатдаги вазият ҳақида репортаж тайёрлади.

5 январь куни соат 15:00лар атрофида танишим билан уйдан чиқдим-да, туман бўйлаб юриб нималар бўлаётганини билишга ҳаракат қилдим. Кўчада одам кўп, дўконларда навбат, нон тугаган эди. Намойишчилар урна, челак ва бетон тўсиқ бўлакларини ташлаб, катта чорраҳаларни ёпишга уринарди. Дўконлар, бозорлар ва одатда овқат етказиб берувчи сервис скутерлари билан гавжум бўладиган KFC ёпиқ эди. Бир неча квартал нарида полиция машиналари ёнар, ҳарбий «КамАЗ» эса ғилдираги тешилиб, бир аҳволда турарди. Намойишчилар унга «Қозоқ» деб ёзиб кетганди. Икки соат аввал худди шу ерда намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар кузатилган. Улар одамларни Олмаотанинг асосий майдони – Астана ҳамда Мустақиллик майдонига ўтказмасликка ҳаракат қилган.

Ёнимиздан навбатдаги эркаклар ва оз сонли аёллардан иборат намойишчилар яёв ўтиб кетди. Бир неча машина қарама-қарши йўналишдан келаётган машиналар ҳаракатига йўл қўймаслик учун одамларнинг олдида борарди. Яна баъзи машиналар чорраҳаларни ёпишга сафарбар қилинган. Кимдир жим кетар, кимдир «Олға, Қозоғистон!» деб бақирарди.

Йўловчилар намойишчиларни телефонда суратга олаётганда улар камерага олмасликни сўрашди. Йўл йўлакай эса қўлларидаги таёқлар билан учраган назорат камераларини синдириб кетишди.

«Чол, кет»

5 январь куни кечга яқин интернетни ўчиришди, ҳатто кабелли провайдерлар ҳам ишламай қолди. Такси сервислари ҳам муаммо билан ишлай бошлади. Шу сабаб кўчага чиқдик-да, қўл кўтариб такси тўхтата бошладик. Ҳайдовчи 2 минг тенгега (5 доллар) Республика майдонига олиб боришга рози бўлди.

Биз юрган йўлда айтарли воқеа юз бермади, шу сабаб манзилга тез етиб бордик. Ҳайдовчи бизни майдоннинг олдигача олиб борди. Шу тариқа камида уч минг одам тўпланган намойиш орасига тушиб қолдик. Ёнимизда ёнаётган Олмаота ҳокимияти турарди. Майдонда Қозоғистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб илинган байроқлар ҳилпирамоқда. Мустақиллик монументи олдида жуда кўп намойишчилар тўпланди. Йўлнинг нариги томонида эса яна бир гуруҳ йиғилган. Кимлардадир зирҳли кийим, каска, ҳимоя ниқоблари бор эди. Бургут овчилари ҳам қўлига қушини қўндириб келган.