Ижтимоий тармоқларда 2022 йилнинг 1 апрелигача Ўзбекистондан хорижга тухум экспорт қилиш бўйича норасмий тақиқ қўйилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ҳақдаги қарор Вазирлар Маҳкамасининг 16 декабрдаги мажлиси баённомасида қабул қилинган.
Ҳужжатга кўра, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва бозорларда нархларни барқарорлаштириш мақсадида тухум экспортини тўхтатиш ташаббуси билан чиққан.
«Эшитишим бўйича, мамлакат бўйлаб тухум экспортига норасмий тақиқ қўйилгани қулоққа етиб келмоқда. "Тухумларимиз сасиб қолмоқда" деб айтмоқда бир тадбиркор. Мамлакатдаги тухум етиштирувчилар асосан Афғонистонга экспорт қиларкан. Қарангки, Толибон ҳокимият тепасига келса-да, тухумга талаб ўзгармаган.
Тушунарсиз сабаб билан мамлакат ҳудудидан тухум чиқарилмаяпти дейди экспортчи тадбиркор. Айтишича, масъуллар унга оғзаки топшириқ бор деб айтишмоқда экан.
Аввало, топшириқ оғзаки бўладими, бошқами у юридик кучга эга бўлмайди. Агар ростдан бу бўйича аниқ кучга кирган норматив-ҳуқуқий ҳужжат бўлса, бошқа гап эди. Бундай вазиятда ҳолат форс-мажор деб баҳоланиши мумкин. Лекин тухум деган жонивор форс-мажорни тушунадими? У шартнома шартларига қараб ўтирмайди. Айнийди, қўяди. Бундан тадбиркор жабр кўради. Тухуми яроқсиз ҳолатга келиб қолади, бизнеси расво бўлади. Кейинги йил тухумам бўлмайди, экспорт ҳам. Иккаласидан мосуво бўламиз. Тадбиркорларни огоҳлантиришмаган ҳам. Яна битта баённома асосида. Бутун бошли экспорт масаласига қисқагина "оғзаки топшириқ бор" деб кўчани кўрсатиб юбораверишган», деб ёзди ҳуқуқшунос Баҳодир Аҳмедов ўз Телеграм каналида.


Gazeta.uz боғланган Самарқанд ва Наманган вилоятларидаги учта фермер хўжалиги ҳам экспорт қилиш тақиқлангани ҳақидаги хабарларни тасдиқлаган.
Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги «Дарғом парранда файз» корхонаси чеклов фақат истеъмол қилинадиган тухумларга тааллуқли эканини, инкубациядан чиққан наслчилик тухумларини экспорт қилиш давом этаётганини маълум қилган.
«Sardor Bahrom Zoo» фермер хўжалиги раҳбари Баҳром Иномов экспорт тақиқлангани сабабли бир қатор муаммоларга дуч келмоқда. У тақиқ ҳақида Афғонистонга тухум етказиб бериш бўйича шартнома тузмоқчи бўлган пайтда хабар топган.















