Жаҳон | 15:28 / 10.01.2022
35515
4 дақиқада ўқилади

«Бу — давлат тўнтаришига уриниш». Тўқаев Қозоғистонга қарши террористик уруш бўлгани ҳақида гапирди

Қозоғистон президенти мамлакатдаги тартибсизликларни изоҳлади.

Фото: Алексей Никольский/РИА «Новости»

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти онлайн саммитида нутқ сўзлади. Тўқаев ташкилотга аъзо давлат раҳбарлари иштирокидаги онлайн учрашувда Қозоғистондаги воқеаларнинг янги тафсилотлари ҳақида ҳам гапирди.

«Жангарилар президент резиденцияси атрофида жамланганини кўрдик. Бу Қозоғистонга қарши террористик уруш очилганидан далолат беради», деди Тўқеав.

Унинг айтишича, қуролланган шахслар тунда моргларга ҳужум қилиб, ҳалок бўлган шерикларининг жасадини олиб кетган ва шу орқали изларни яширган.

Олмаота назоратини қайтариш учун эса КХШТ аскарлари ёрдам берган.

Қозоғистон президенти КХШТ миссияси мамлакатдаги антитеррористик операциялар тугаши билан ўз ниҳоясига етишини маълум қилди. Тўқаев мамлакат олдида турган вазифалардан бири – содир бўлган воқеалар террористик агрессия бўлгани ва унга тайёргарлик жараёнини исботлаш эканини айтди.

«Жангарилар бир ердан туриб бошқарилган. Улар бирданига 11та шаҳарда ҳаракатни бошлади. Олмаота полиция департаментини қўлга олиш учун икки кеча давомида ҳаракат қилишди. Жангарилар полициячиларни айниқса агрессив тарзда дўппослаган. Икки нафар ҳарбий хизматчининг бошини олиб ташлашган. Бу давлат тўнтаришига уриниш бўлди.

Жангариларнинг мақсади ҳукуматни қўлга олиш эди. Улар пойтахтга ҳужум қилишни режалаштирган. КХШТ аскарлари келгани Олмаотани жангарилар қўлидан тортиб олишга ёрдам берди. Ташкилот ўзининг қанчалик самарали эканини исботлади. КХШТ томонидан 2030 нафар тинчликпарвар кучлар ва 250 та ҳарбий техника Қозоғистонга юборилган бўлиб, улар ҳарбий объектлар, қурол-яроғ омборларини ҳимоя қилишади. КХШТ аскарлари Олмаота шаҳри, Олмаота вилояти ҳамда Нур-Султонда бўлиб турибди.

Қозоғистондаги вазият бир муддат таҳликали ҳолатга келди, чунки жангарилар бу вақтда Олмаота ҳамда 9 та ҳудуд марказларини қўлга олишди. Улар КХШТ аскарлари мамлакатга кирганини билгач, президент резиденциясини қўлга олиш режасидан қайтишган.

КХШТ кучлари Қозоғистонга кириши қанчалик қонуний экани ҳақида ҳам фикрлар кўзга ташланди. Аммо бу инсонларда етарли маълумот ва тушунча йўқлиги сабаб юзага келган.

Биз ҳеч қачон тинч намойишчиларга қарши куч ишлатмаганмиз, ишлатмаймиз ҳам. Баъзилар Қозоғистон тинч намойишчилар билан курашмоқда, деб айтмоқда, бу – ёлғон. Биз террорчиларга қарши курашдик. Дастлабки тергов ҳаракатларидан кейин халқаро ҳамжамият ва судга қўшимча далилларни тақдим этамиз. Террористик ҳаракатларни ташкил қилишга балки бир, икки ёки уч йил тайёргарлик кўришгандир. Барчаси тергов давомида аниқ бўлади.

Бўлиб ўтган воқеалар Олмаота фожиаси номи билан тарихда қолади. Олмаотага уч йўналишдан жангарилар кириб келган. Улар ҳарбийлар кийимини кийиб, ўз алоқа тизимидан фойдаланган, тез ёрдам ва ўт ўчирувчиларнинг ҳаракатини чеклашга уринган. Олмаотада чинакам уруш бўлди. Тўқнашувлар давомида 16 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлиб, 1 300 нафари жароҳатланган. Тинч аҳоли орасида ҳам қурбонлар бор, қурбонлар сони аниқлаштирилмоқда», деди Қозоғистон президенти.

 

Мавзуга оид