Ўзбекистон | 08:41 / 13.01.2022
5003
2 дақиқада ўқилади

Uzbekistan Airports янги рўйхатга олиш тизимини жорий этмоқда

Uzbekistan Airports Astra DCS йўловчи ва багажни рўйхатдан ўтказиш тизимини босқичма-босқич жорий қилишни бошлади. 

Фото: Kun.uz

Ширкат хабарига кўра, «Наманган» халқаро аэропорти «Уральские авиалинии» авиакомпаниясининг Наманган-Москва йўналиши бўйича қатновига ушбу янги тизим бўйича хизмат кўрсатди. Бортида 222 йўловчи бўлган самолёт кеча парвоз қилди. Янги рўйхатга олиш тизими бўйича иккинчи қатнов ҳам 12 январь куни соат 03:00да Наманган аэропортидан Екатеринбургга амалга оширилди.

«Илгари барча аэропортлар миллий авиакомпаниянинг битта рўйхатдан ўтиш тизимидан фойдаланарди. Кейинчалик аэропортлар учун ўзларининг рўйхатга олиш тизимига эга бўлиш эҳтиёжи туғилди. Uzbekistan Airports Sirena Travel компаниясининг Astra DCS тизимини танлади. Ўзбекистоннинг барча 11 та халқаро аэропортларида, ўзининг рўйхатга олиш тизимига эга бўлмаган барча авиакомпаниялар ҳам ушбу тизимга босқичма-босқич ўтади. Тизим график интерфейсга эга бўлиб, йўловчилар ва юкларни тез ва қулай тарзда рўйхатдан ўтказиш имконини беради», — дейди Uzbekistan Airports бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Жавлон Умархўжаев.

Таъкидланишича, бу йўловчилар ва багажни рўйхатдан ўтказиш жараёнининг барча зарур операциялари автоматик равишда бажарилишини таъминлайдиган замонавий кўп тилли хостинг тизимдир.

Мавзуга оид