Мельбурн федерал суди «Жоковичнинг иммиграция вазирига қарши иши»ни кўриб чиқди ва сербиялик теннисчининг арзномасини қаноатлантирмади. Олдинроқ Австралия иммиграция вазири Алекс Ҳоук теннисчининг визасини бекор қилганди. Суд теннисчининг ушбу қарорни бекор қилиш бўйича аризасини қаноатлантирмади. Жоковични антиваксер деб ҳисоблаган суд уни мамлакатдаги санитар ҳолатни издан чиқаради деган хулосага келди.
Australian Close: Жоковичнинг Австралиядаги саргузаштлари
Нега бундай бўлди?
Новак Жокович атрофида можаро 5 январ куни бошланганди. Ўшанда у Австралия визаси билан яшил қитъага келди ва коронавирусга қарши эмланмагани учун мамлакатга киритилмади. 17 январ куни Австралияда «Катта дубулға» таснифидаги мусобақаларнинг биринчиси – Australian Open бошланади. 5 январ куни мамлакатга киритилмаганининг ўзи Жокович учун ёмон сигнал эди, чунки камида бир неча кун машғулотлардан мосуво бўлиши унинг имкониятларини пасайтириб юборарди. Аммо сербиялик спортчининг ҳеч бўлмаса мусобақа бошланишидан бир кун аввал мамлакатга кириш учун уринишлари ҳам бесамар кетди.
10 январ куни Жокович судда ғалаба қозониб, визасини қайтиб олганди. Аммо теннисчи ёлғон кўрсатма бергани ва унинг мамлакатга киритилиши вакцинация жараёнига салбий таъсир қилади деб ҳисоблангани учун Жоковичнинг визаси яна бекор қилинди. Бир муддат карантинга олинган Жокович меҳмонхонада жараён нима билан якунланишини кутишга мажбур бўлди. 16 январ куни Австралия очиқ чемпионатида 9 карра чемпион бўлган Новак Жокович мамлакатдан чиқариб юборилди.

Ҳукуматнинг даъвоси нима?
Дунё спорт жамоатчилиги бу ҳолатда Жоковични қўллаб-қувватлади. Австралия собиқ бош вазири Кевин Радд амалдаги бош вазир Моррисон ҳукуматини популизмда айблади: «Моррисон ҳукумати янгиликлар оламида сарлавҳаларни эгаллаш учун Жоковичнинг визасини бекор қилибди. Бошида унга қанақасига виза берилди бўлмаса? Бунинг барчаси мамлакатда экспресс-тестлар ва коронавирусга қарши бошқа тестлар етишмаётгани, дорихоналардаги бўш расталар учун қилинаётган танқидлардан одамларни чалғитиш учун қилиняпти», деди хусусан ҳукуматнинг собиқ раҳбари.



















