17:57 / 24.01.2022
11579

Ўзбекистонга киришда мажбурий экспресс-тест топшириш талаби бекор қилинди

Республика махсус комиссияси қарори билан 25 январдан бошлаб Ўзбекистонга кириб келишда барчадан экспресс-тест олиш талаби бекор қилинди.

Тошкент халқаро аэропортидаги экспресс-тест пункти / Фото: Kun.uz

Экспресс-тестни камида 48 соат олдин топширилган коронавирусга манфий натижали ПЗР-тест маълумотномаси бўлмаган йўловчиларгина топширади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, мазкур янги тартиб аэропортлар, вокзаллар ва автомобиль (пиёдалар) ўтказиш чегара пунктларига бирдек тааллуқли.

Ўзбекистонга келаётган барчадан, жумладан ПЗР-тест натижаси борлардан ҳам мажбурий экспресс-тест олиш тартиби 15 январдан жорий этилган ва жиддий танқидларга сабаб бўлганди. Аэропортларда тест нархи 5 доллар деб белгиланганди.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz бу борада бир нечта мақолалар эълон қилиб келди. Октябрь ойида мухбиримиз Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонга бориб, чегаралардаги мантиқсизликлар ҳақида видеорепортаж тайёрлади.

Бир неча кун олдин халқаро манбалар асосида тайёрланган мақолада Махсус комиссия қарорини ғайриилмий деб ҳисоблаш учун асослар келтириб ўтилди.

Top