28 январга ўтар кечаси рўй берган навбатдаги отишмада камида икки киши ҳалок бўлган. / ​​​​​​Фото: Исфара шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати

СССРнинг тарқалиши дастлабки йилларда у қадар сезилмаган. Чегаралар очиқ бўлган, кўпчилик энди бошқа давлат ҳудудига ўтиб қайтаётганини билмаган ҳатто. Аста-секин дастлаб хавфсизлик, кейин иқтисодий нуқтайи назардан чизиқлар тортилди, чегаралар мустаҳкамланди, тиканли симлар ва аскарлар пайдо бўлди. Ана шундай бир пайтда кечагина бир давлат номи остида яшаб келганларнинг ўзаро чегара тушунчаси турлича экани аён бўлиб қолди ва можаролар ҳам кўп куттирмади.

Бундай зиддиятлар постсовет ҳудудида бир неча соатлик тош отишлар ва муштлашишлардан, узоқ давом этган ҳақиқий урушлар кўринишига қадар кузатилган. Арман-озар чегарасидаги мавҳумлик бир неча бор ҳақиқий уруш ва қон тўкишлар билан тарихга муҳрланган бўлса, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги зиддиятлар сўнгги йилларда анча тез-тез ва тобора кучлироқ намоён бўлмоқда

Фото: Jenslh Aldarov RFE/RL
  • Делимитация – давлатлар ўртасида баҳсли ҳудудлар бўйича келишувга эришиш ва ҳужжатлар тасдиқланиши;
  • Демаркация – делимитация асосида чегараларни физик белгилар ёрдамида ажратиш, яъни панжара тортиш, белгилар қўйиш, чегарачиларни жойлаштириш ва масалага якуний нуқта қўйилиши.

Бу зиддиятлар сабаблари турлича:

1. Биринчи ва энг асосий сабаб – томонлар учун чегара деган тушунчанинг асли мавҳумлиги, ҳар бир тараф ўзича талқин қилишида.

2. Марказий Осиё давлатлари қардошлик, ҳамжиҳатлик ва тотувликка ҳаракат қилсалар-да, барибир миллий адоват сақланиб қолган ҳолатлар ҳам кўзга ташланади. Айниқса туркий тилли қирғизларнинг баъзилари ва форсийзабон тожиклардан айрим кишилар кўздек қўшни бўлатуриб, бир-бирларини мутлақо тан олмаганлари ҳолда камситишга, имкон борида тиғ санчиб олишга уринишлари бор гап;

3. Давлатлар бошқарувида ҳам кескин тафовут кўзга ташланади. Бири ўтакетган демократ қиёфасида бирор муросага келишни истамайди, олдинги раҳбар имзо чеккан ҳужжатни кейингиси тан олмайди, яна бири эса автократик бошқарув усулини қўллаб, кимнингдир олдида бош эгишни тасаввур қилмайди;