Ўзбекистон президенти “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор имзолади. Унга мувофиқ, айрим ҳудудлар учун алоҳида солиқ режими қўлланади.

2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январгача 1-иловада келтирилган туман ва шаҳарларда белгиланадиган туризм ҳудудларида рўйхатдан ўтган ҳамда ушбу ҳудудда умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш), савдо, кўнгилочар, туроператор ва турагент хизматларини кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари учун:

— айланмадан олинадиган солиқ ставкасининг 1 фоизи;

— ушбу ҳудудлардаги объектлар ва улар эгаллаган ер участкаси бўйича юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи миқдорлари – мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдорида белгиланади.

Бунда, туман ва шаҳарларнинг туризм ҳудудлари чегаралари Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ҳудудий бош бошқармалари хулосалари асосида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар Кенгашлари томонидан белгиланади.

Жисмоний шахслар томонидан маҳаллалараро савдо-хизмат кўчалари бўйида жойлашган турар жой объектлари юқорида кўрсатилган хизмат кўрсатиш турлари бўйича нотурар жой объекти тоифасига ўтказилганда 2024 йил 1 январга қадар уларга нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг жисмоний шахслар учун ўрнатилган ставкаси сақлаб қолинади.

Имтиёзлар ушбу ҳудудларга тааллуқли:

  • Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир, Хўжайли, Элликқалъа туманлари;
  • Андижон вилояти Хонобод шаҳри;
  • Бухоро вилояти Когон тумани, Ромитан тумани;
  • Жиззах вилояти Арнасой, Зомин, Фориш туманлари;
  • Қашқадарё вилояти Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши туманлари;
  • Навоий вилояти Хатирчи, Нурота, Қизилтепа туманлари;
  • Наманган вилояти Чуст, Янгиқўрғон туманлари;
  • Самарқанд вилояти Ургут тумани;
  • Сирдарё вилояти Ховос тумани;
  • Сурхондарё вилояти Бойсун тумани;
  • Тошкент вилояти Ангрен шаҳри, Оҳангарон, Паркент, Бўстонлиқ туманлари;