Бу гал Беларусь президентининг мурожаати одатдагидан бошқача ўтди. Унга турли касб вакиллари: сиёсатчилар, иқтисодчилар, ўқитувчилар ва журналистлар таклиф этилди. Президентнинг айтишича, кейинги мурожаатлар шундай форматда ўтади.

Беларусь Украинага қарши урушда иштирок этадими?

Лукашенко нутқи давомида бир неча марта Украинадаги эҳтимолий уруш мавзусига тўхталди. Бу ҳақда Ғарб нашрлари ўтган йил октябридан буён огоҳлантириб келади. Улар Россия Украина билан чегарада 100 мингдан ортиқ қўшин тўплаганини айтишади. Ғарб разведкаси маълумотларига кўра, Украинага ҳужум Беларусь ҳудудидан ҳам бошланиши мумкин. АҚШ Давлат департаменти Беларусни ўз ҳудудидан босқин уюштирилишига имкон берса, жиддий чоралар кўрилишидан огоҳлантирган.

Расмий Москва ва Минск Беларусда феврал ойида қўшма ҳарбий машғулот бошланишини эълон қилган. Лукашенко урушнинг эҳтимолий ҳолатлари ҳақида гапирар экан, у икки ҳолатда содир бўлишини айтган: ёки Беларусга тўғридан тўғри агрессия амалга оширилса ёки Беларуснинг иттифоқчиси Россияга ҳужум қилинса.

«Буларни шунчаки истисно сифатида айтдим. Аммо жуда-жуда умид қиламанки, бу икки ҳолатда ҳам уруш қилишга мажбур бўлмаймиз», деди Лукашенко.

«Ўғилларингизни урушга юборасизми?»

Мурожаат вақтида Лукашенкога залдагилар ҳам савол беришди. Могилёвлик ўқитувчи шундай савол билан мурожаат қилди: «Уруш бошланса, фронтга ўғилларингизни юборасизми?»

Бунга жавобан Лукашенко ўзининг ҳам, бошқаларнинг ҳам фарзандини урушга юбориш мақсади йўқлигини айтди.

Мустақиллик масаласи

Лукашенко нутқи давомида мамлакат мустақиллиги ва суверенитети ҳақида кўп гапирди. У беларуслар миллий давлатчиликни қўлга киритиш учун узоқ йўлни босиб ўтгани ва уларда иккинчи имконият бўлмаслигини таъкидлади. Лукашенко айни дамда мамлакат мустақиллигига жиддий таҳдид хавф солаётганини айтди.

«2020 йил августида нима бўлди? Беларусь халқи эволюциясини йўқотишга уриниш бўлди», деди Лукашенко президентлик сайловида унинг ғалаба қозонганидан норози бўлган минглаб одамлар кўчага чиққан намойишлар ҳақида гапирар экан. Лукашенко сайловда ўзи ғалаба қозонганини иддао қилиб, намойишлар ноқонуний бўлганини айтиб келади.