Ўзбекистон | 13:18 / 02.02.2022
14849
1 дақиқада ўқилади

Дин ишлари бўйича қўмита раисига янги биринчи ўринбосар тайинланди 

Дин ишлари бўйича қўмита раисига янги биринчи ўринбосар тайинланди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Дин ишлари бўйича қўмита

Қайд этилишича, Даврон Маҳсудов Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари сифатида иш бошлади.

Д. Маҳсудов 2004-2012 йилларда Ўзбекистон президенти девони ходими, 2012-2018 йилларда Тошкент ислом университети илмий котиби, магистратура бўлими бошлиғи, Исломшунослик кафедраси мудири бўлиб ишлаган.

У 2018-2020 йилларда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO кафедраси мудири ҳамда ҳозирги вақтга қадар Ўзбекистон халқаро ислом академияси биринчи проректори ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

Аввалроқ, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов президентнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланганди

Президент маслаҳатчиси лавозимини эгаллаб келган Шоазим Шоисломович Миноваров Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари сифатида фаолиятини давом эттиради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид