Жамият | 12:28 / 02.02.2022
11750
2 дақиқада ўқилади

Қибрайлик оилада тўрт эгизак дунёга келди. ССВ раҳбарияти уларнинг ҳолидан хабар олди

25 январь куни Тошкент вилояти Қибрай туманининг Бирлик маҳалласида яшовчи Жавоҳир Тоиров ва Малика Тоирова оиласида 4 эгизак туғилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

ССВ матбуот хизмати хабарига кўра, Республика перинатал марказида асоратсиз ўтказилган туғуруқ амалиёти натижасида 1,6 килограммдан икки нафар ўғил ҳамда 1,8 ва 1,2 килограммлик икки қизалоқ дунёга келган.

«Айни пайтда гўдакларнинг аҳволи қониқарли. Шифокорлар уларнинг зарур витаминлар ҳамда она сути билан озиқланишига бош-қош бўлиб турибди», дейилади вазирлик хабарида.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, жумладан вазир Беҳзод Мусаев ушбу муассасада бўлиб, она ва эгизаклар ҳолидан хабар олган.

«Марказга ташриф буюрган масъуллар чақалоқларнинг ота-онаси билан суҳбатлашиб, уларнинг аҳволи, бу ерда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Муассасада фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимлари билан ўтказилган учрашувда эса яқин истиқбол режалари хусусида ўзаро фикр алмашилди. 

Хусусан, Республика перинатал маркази неонатал хирургия ва чақалоқлар реанимация бўлимларининг илғор иш услубини пастки тизимдаги шу соҳа даволаш муассасалари фаолиятига татбиқ этиш, айниқса, ҳомиладорлик пайтида ҳомиладаги туғма нуқсонларни операция қилиш орқали ногиронликнинг олдини олиш каби қатор долзарб масалалар хусусида гап борди», дейилади хабарда.

Шунингдек, тадбир давомида эгизакларнинг соғ-саломат дунёга келишига бош-қош бўлган Республика перинатал маркази неонатолог шифокори Умида Азимова ҳамда тиббиёт фанлари доктори Жаҳонгир Қурбонов «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланган.

Ўз навбатида, вазирлик томонидан тиббиёт муассасасига зарур замонавий асбоб-ускуналар, Малика Тоирова ва унинг оиласига эса фарзандлар парвариши ва уларнинг соғлом улғайиши учун зарур бўлган жиҳозлар топширилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид